Россия президенти Владимир Путин пандемия туфайли чет элликларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддатини узайтирди. Тегишли ҳужжат Кремль сайтида эълон қилинган.
Россия президенти Владимир Путин коронавирус пандемияси даврида Россиядаги чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар, хусусан меҳнат мигрантларига истисно ва имтиёзлар берувчи янги қарорни имзолади.
Кремль расмий сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш, депортация қилиш муддатларини жорий йилнинг 15 июнига қадар узайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш, вақтинча ёки доимий яшаш, яшаш жойида рўйхатда турган муддатларининг юқорида кўрсатилган вақт давомида тугаши кўзда тутилган бўлса, ушбу муддатлар тугатилмайди.
Юқорида белгиланган вақт давомида амал қилиш муддати тугайдиган вақтинча яшаш учун рухсатнома, яшаш гувоҳномаси, амал қилиш муддати кўрсатилган миграцион карта, ишлаш учун рухсатнома, патент, чет эл ишчиларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома каби ҳужжатлар муддати тўхтатилмайди.
Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ иш берувчиларга короновирус тарқалиши муносабати билан мамлакатда жорий этилган чекловлар ва санитария-эпидемиологик талабларни таъминлашга қаратилган бошқа чораларнинг бажарилиши шарти билан чет эл фуқароларини патентга эга бўлмаган тақдирда ҳам ишга жалб қилишга рухсат берилган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси COVID-19 пнадемияси бутун дунёни қамраб олди. БССТ сўнгги маълумотларига кўра, вирусга чалинганлар сони 2 миллионга етган, 140 мингга яқин инсон ушбу касаллик қурбонига айланган.
Шу фонда кўплаб давлатлар, шу жумладан, Россия ҳам чеклов чораларини кўрмоқда: бутун дунё бўйлаб йўловчилар авиаташуви деярли тўхтатилган, кўплаб давлатлар ўз чегараларини ёпган, аҳолига ўз-ўзини изоляциялаш режимига қатъий амал қилиш тавсия этилган.