Тошкент метрополитен хизмати ташкил топган 6 ноябр куни ижтимоий тармоқларга метрода мисли кўрилмаган ҳодиса видеоси тарқалди ва 47 йиллик Тошкент метроси ва мамлакатдаги ҳожатхона муаммосини кун тартибига олиб чиқди.
Кичик ҳожати қистаб қолган эркак “Пахтакор” метро бекати устунларидан бирига “чоптиргани”, сўнгра навбатдаги поездга ўтириб манзилига кетгани акс этган видео тарқалди.
Ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Ва албатта метрони ҳар бекатида туалет бўлиши керак ўзи. Бу одам шу масалани дағал усулда кўтаролгани учун бепул уролог кўриги билан рағбатлантирилиши, кейин омма оптом чоптириши бошламаслиги учун жарима тўлаши керак”, деб ёзди @xotirijam.
“Тошкент метрополитени” ҳодиса шу йилнинг 27 сентябрида бўлганини ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари суриштирув ишлар олиб бораётганини маълум қилди.
Ҳодисадан 2 кун ўтиб метрополитен ходимлари “Чилонзор” бекатида синов тариқасида ишга тушган она ва бола ҳамда ҳожатхона ўзини оқлагани ва бу каби хоналар яна 9 та бекатда ишга туширилишини билдирди.
2022 йил ишга тушган бу ҳожатхонанинг синов муддати нима учун 2,5 йилни ташкил қилгани сабаби айтилмаган.
Бироқ ижтимоий тармоқдагилар “Пахтакор” метросига кичик ҳожатини чиқарган эркак видеоси яна ҳожатхоналар қуриш қарори олинишига сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.
“Лекин шу амақи сабаб, метрода хожатхона муаммоси ҳал бўлди”, дейди Акром Толипов.
Ҳожатхона муаммоси…
Метрода кичик ҳожатини чиқарган одам Ўзбекистондаги ҳожатхона муаммосини яна бир бор юзага чиқарди.
“Метрода чоптирган шахс нега қаҳрамонга айланди? Ижтимоий тармоқларда ғайриоддий чақирув билан кўп йиллик муаммонинг ечилишига сабаб бўлган, яъни метро санцияларининг бирида чоптирган шахс бугун тармоқ қаҳрамонига айланди.
Биз ҳам бугун адвокат ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиб, бу одам мабодо жавобгарликка тортилса, унга бепул адвокат тақдим қилишга келишдик. Унга жарима солинса, одамлардан пул тўплаб берамиз. Чунки бу чоптириш метро станцияси деворларига эмас, кўп йиллик муаммога бефарқ шахсларнинг юзига чоптириш эди.
Мамлакатда ҳожатхоналар муаммоси аллақачон кун тартибига чиқиши керак бўлган масала эди. Баъзан вилоятларга кета туриб, катта йўл ёқасида бу ишни қилаётганларга қараб уяламиз. Аммо ҳеч ким бу нозик масалани кўтаргиси келмайди”, деб ёзади инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов.
Ўзбекистон бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюришини, халқаро туризм мамлакат хазинасига кўпроқ фойда келтиришини хоҳлайди.