Иқлим мигрантлари сони 2050 йилда 1,2 миллиардга етиши мумкин. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Дубайдаги “Ўзбекистон” павильонида “Иқлим мигрантлари, иқлим хавфлари ва мослашув” мавзусида тадбир ўтказилди.
Тадбирдан иқлим ўзгариши ҳолатида рисклар ва миграция бўйича тажриба алмашиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва тегишли институтларнинг манфаатдор томонларини бирлаштириш, салбий таъсирларни бартараф этиш, муз кўлларининг тошқинлари учун потенциал хавфларни ва уларни камайтириш стратегиялари баҳоланди.
“Ўзбекистон томонидан иқлим хавфларига мослашув ва таъсирларни юмшатиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди”, —дейилади хабарда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг қайд этишича, дунё аҳолисининг деярли ярми иқлим ва иқлимий бўлмаган омиллар туфайли йилнинг камида маълум бир қисмида аҳолининг заиф қатламлари жиддий сув танқислигини бошдан кечиради.
“Кўп ҳолларда улар ўз ҳудудларини ташлаб кетишади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, иқлим мигрантлари сони 2050 йилда 1,2 миллиардга етиши мумкин. Атроф-муҳит, ривожланиш ва хавфсизлик ўртасидаги боғлиқлик Марказий Осиё республикаларининг минтақавий ландшафтига таъсир қилувчи асосий омил ҳисобланади”, — дейди Абдуҳакимов.
Айтилишича, сўнгги 50-60 йил ичида иқлим шароитининг ўзгариши натижасида Марказий Осиёда музликлар юзаси 30 фоизга қисқарди, бу дарёлар ва уларнинг экотизимларига бевосита таъсир кўрсатди.