Тошкент-Самарқанд йўлида атиги битта текин ҳожатхона

13 ноября 2024 Тошкент-Самарқанд йўлида атиги битта текин ҳожатхона

Ўзбекистон бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюришини, халқаро туризм мамлакат хазинасига кўпроқ фойда келтиришини хоҳлайди. Бироқ Тошкентдан Самарқандга элтадиган автомобиль йўлида атиги битта текин ҳожатхона бор.

Бу гап Тошкентдаги халқаро сайёҳлик ярмаркаси олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтилган.

Иссиқкўлга борган сайёҳ Бухорони томоша қилоладими?

Лондонлик талаба: 'Самарқанд мафтункор эди'

Ўзбекистонда сайёҳлик бизнеси нақадар даромадли соҳа?

Тўғри, Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларини томоша қилиш учун келган сайёҳлар учун тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилди, тез саёҳатни хоҳлайдиган инсонлар кекса шаҳарларимизга парвоз қилишлари мумкин, Ўзбекистонни дунёга янада танитиш, тобора кўп туристларни жалб қилиш учун кўп ишлар қилиняпти.

Аммо Самарқанду Бухорони, сўнг Хева ва Шаҳрисабзни шошилмай автомобилда саёҳат қилмоқчи бўлган инсонлар учун қулайлик ҳақида ўйлаб кўрилганми?

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, йирик автойўллар четида сайёҳлик инфратузилмасини барпо этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси бир неча йил олдин махсус қарор чиқарган.

Афтидан, шунча йиллар мобайнида ҳукумат қарорининг ижроси эътиборсиз қолиб кетган.

3-5 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган 23-халқаро Тошкент туризм ярмаркасига тайёргарлик муносабати ўтказилган матбуот анжуманида Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, "Ўзбектуризм" Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига айлантирилганидан кейин қўмита ушбу қарор ижросини қаттиқ талаб қилган.

Матбуот анжуманида "Новости Узбекистана" веб-сайти мухбири Нукусдан то Фарғона водийсигача чўзилган магистрал автойўлларда йўловчиларнинг тўхтаб дам олиши учун текин махсус автомобиль турар жойлари, ахлат ташлайдиган жойлар, ҳожатхоналар йўқлиги ҳақида сўраган.

Фақат Жиззах шаҳридаги бир газ қуйиш шохобчаси ёнида санитария талабларига жавоб берадиган текин ҳожатхона борлигини айтган мухбир.

Бошқа "заправка"ларда ҳам текин туалетни топиш мумкин.

Бироқ уларнинг аксари оддий тозалик талабларига жавоб бермайди.

Шунингдек, Тошкентдан Самарқандга олиб борадиган йўлдан тунда юришга тўғри келса ва мабодо бошоғриқ дори зарур бўлиб қолса, бирорта ҳам дорихона топилмайди.

Катта йўл четидаги бизнес ҳар доим даромадли бўлган.

Охирги йилларда М39 трассасининг Тошкент ва Жиззах вилоятида ўтган қисмида хусусий ошхона ва ресторанлар, турли-туман дўконлар, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг сони янада кўпайгани кузатилди.

Аммо даромадли бизнес ҳар доим ҳам мижоз учун тўла қулайликни англатмаслиги аста-секин аёнлашмоқда.