Туркия 10 ноябрь куни расман баёнот бериб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига мамлакатда визасиз 90 кун бўлиш имкониятини тақдим қилаётганини билдирди. Аввал Марказий Осиёдаги мазкур мамлакатлар фуқароларининг Туркияда визасиз максимал бўлиш муддати 30 кунни ташкил қиларди.
Туркия Ички ишлар вазирлигида мамлакат ҳудудларида Ўзбекистоннинг 30 мингдан ортиқ фуқароси расман рўйхатдан ўтган. Шундан атиги икки минг нафари иш визаси олиб мамлакатда қонунан ишлайди. Уй хўжалигида ва бошқа ишларда ишлайдиганлар асосан ноқонуний фаолият юритишади ёки мамлакатда сайёҳлик визаси бўйича бўлиб туришибди.
Миграция масалаларини ўрганувчи таҳлилчи Мурат Эршахиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари учун Туркияда визасиз бўлишни уч ойгача узайтириш мамлакатда доимий асосда ишлаётган муҳожирлар учун мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин:
- Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун иш визаси олишда бирор бир ўзгаришлар йўқ. Туркияда қонунан ишламоқчи бўлган ҳар бир хорижий фуқаро зарур ҳужатларни топшириши ва рухсат олиши керак бўлади. Ўйлайманки, турк консулхонаси бу йўналишда зарур маълумотларни беради.
2015 йилда Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани боис, Туркияга келиб дам олувчи россиялик сайёҳлар сони камайиб кетди. Бу вазият Туркия туризм тармоғига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Халқаро муносабатлар бўйича эксперт, доцент Сердар Йилмазнинг фикрича, визасиз бўлишни 90 кунгача узайтириш иқтисодий, сиёсий ва маданий яқинлашувга омил бўлади:
- Турк тилли мамлакатлар фуқароларининг визасиз бўлиш муддатини узайтириш қарори бу мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлайди. Чунки бу каби қадамлар давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустахкамлайди. Тожикистон ёки Ўзбекистондан пул ишлашга келувчи муҳожирларнинг сони ошишига ишонмайман. Чунки хорижий фуқаролар кўпинча иш визасини расмийлаштирмай, таваккал қилишади. Туркия Туркманистондан ташқари Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун виза бериш масаласида кўплаб енгилликлар берар экан, бу мамлакатлардан ҳам худи шундай йўл тутишни кутади.
2018 йил ноябрь ҳолатига кўра, Туркияда 787 мингдан ортиқ хорижлик фуқаро рўйхатга олинган. Шундан 383 минг киши қисқа муддатлик сайёҳлик визаси билан ишлайди. Меҳнат визаси бўйича ишлайдиганлар сони эса 56 мингга яқин кишини ташкил қилади. Туркия ИИВ статистикасига кўра, пул топиш учун Марказий Осиё мамлакатларидан келган фуқаролар сони бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилик қилади. 2018 йилда Туркияда 20 мингдан ортиқ қирғизистонлик рўйхатдан ўтган. Шундан қўлидл иш визаси бўлган 9 минг киши меҳнат қилади.