«Озодлик» мухбирларининг хабарларига кўра, бу гал мамлакат шимолида, Дашўғиз вилоятида уй ҳайвонларининг касалланиши кузатилмоқда.
Номаълум касаликка биринчи навбатда сигирлар чалинмоқда. "Чўчқа гриппи» ҳақида гапиришмоқда. Бироқ давлат ва ветеринария хизмати бирор бир чора кўрмаяпти. Бир кишининг 17 та сигири нобуд бўлди, бир ой муқаддам 10 сигир нобуд бўлган эди. У қолган қорамолларини арзонга сотишга улгурди", - дея хабар беради Туркманистондаги «Озодлик» мухбири.
Яқинда «Озодлик»нинг Туркманистондаги мухбирлари мамлакатнинг ғарбий минтақасида уй ҳайвонларининг касалланиши ва нобуд бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабар берган эди. 30 октябрь куни «Озодлик» радиоси мухбири Балкан вилоятида туялар номаълум касаллика чалинаётгани ва нобуд бўлаётгани ҳамда туя гўштининг истеъмоли тақиқлангани ҳақида хабар берган эди. «Озодлик» мухбирининг хабарига кўра, эпидемия сабабли карантин жорий этилди, шунингдек туя гўшти ва сутининг сотилиши тақиқланди.
Болқон вилоятидаги эпидемия ҳақида «Озодлик» хабаридан сўнг ветеринарларнинг махсус гуруҳи минтақада текширувлар ўтказди. Текширувлардан сўнг ветеринарлар баёнот бериб, туялар касалликдан эмас, балки «очлик туфайли нобуд бўлгани» ҳақида маълум қилишди. Ҳукумат шунингдек маҳаллий аҳолига мурожаат қилиб, «бу масала юзасидан шов-шув кўтармасликлари» борасида талаб қилдилар, бироқ туя гўшти ва сути сотилиши тақиқлови сақлаб қолинди.
«Озодлик»нинг Туркманистондаги манбаларининг хабар қилишларича, айни дамда Дашўғиз вилоятида ҳайвонлар ва аҳоли ўртасида худди шу каби аломатлар кузатилмоқда.
"Айрим одамларнинг қорини атрофида яралар пайдо бўлмоқда. Мутахассисларнинг айтишларича, қутиришдан кейин грипп ҳайвондан инсонга юқадиган иккинчи касалликдир. Касалланган ҳайвон гўштини ҳам истеъмол қилиб бўлмайди. Бироқ аҳоли муаммо олдида ёлғиз қолди", - дейди «Озодлик»ка минтақадаги ўз номини ошкор қилишни истамаган манба.