Эрондаги "Рахравон-Хуросон" логистика ширкати ҳайдовчиси Хусайн Али Жавоний Андижонда 6 октябрдан бери ҳибсда қолмоқда.
Эрон Ислом республикасидаги юк ташишга ихтисослашган халқаро логистика ширкати ҳайдовчиси, 30 яшар Хусайн Али Жавоний билан бир ой олдин Андижон ИИБ тергов ҳибсхонасида учрашган қозоғистонлик адвокат Қамбар Юсупов “терговчилар халқаро ҳуқуқ меъëрларига риоя қилмаганлигини” айтди.
– Жавоний билан 13 октябрь куни учрашгандим. Шундан бери хабар йўқ. Жавонийнинг айтишича¸ 7 октябрга ўтар кечаси уни Андижоннинг “Дўстлик” божхона чегара постида ушлаб, ҳибсга олишибди. Аммо менга берилган ҳужжатларда унинг 12 октябрь куни ҳибсга олингани ҳақида ëзилган. Демак ҳайдовчи бир ҳафта қонунсиз ҳибсда ушланган, – деди Қамбар Юсупов.
“Рахравон Хуросон” ширкати вакилининг айтишича¸ “ҳайдовчи ва юкларнинг нима сабабдан ҳибс қилинганлигини билиш мақсадида минтақани яхши биладиган адвокат ëллаган". Ҳайдовчини ҳимоя қилаëтган адвокат Қамбар Юсуповнинг айтишича¸ эронлик Хусайн Али Жавоний Эрондан Қирғизистондаги ширкат омборига олиб кетилаëтган телевизорлар юкланган машинани бошқарган.
– Машина ва юклар ўзбек чегарачилари тарафидан арест қилинган. Машина ичида телевизорлар бўлган. Юк хатида ҳам телевизор ëзилган. "Юк хатидаги телевизорлар маркаси билан юк машинасидаги баъзи телевизорларнинг маркаси мувофиқ келмагани учун арест қилинди", деб менга терговчилар билдирди. Бу ҳолатда ҳайдовчини гаров эвазига судгача озод қилиш мумкин эди. Нега унинг 40 кундан бери ҳибсда сақланаëтгани ҳуқуқий асосланмаган, – дейди адвокат.
“Рахравон Хуросон” ширкати раҳбари Муҳаммад Али Важднинг баëнот матнида ширкатга оид мол-мулк Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тарафидан асоссиз олиб қўйилгани ва ҳайдовчи ноҳақ қамалгани айтилади. “Биз ҳайдовнинг тирик ëки ўлик эканлиги¸ унинг қийноққа солиб-солинмагани ҳақида 13 октябрдан кейин бирор маълумот ола олмадик. Биз энди бу борада Европа инсон ҳуқуқлари маҳкамасига шикоят қилишга қарор қилдик”, дейилади баëнотда.
Адвокат Қамбар Юсуповнинг айтишича¸ Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органлари у ëзган барча шикоятларни инстанциядан инстанцияга копток қилиб тепилмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси айни ҳолатда эронлик ҳайдовчи ҳуқуқи бузилганми-йўқлиги ўрганилаëтганлигини билдирди.