Ғиждувонда Х.С. исмли фуқаро қўшхотинликда айбланиб судланди
Маълум қилинишича, Х.С. қонуний никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи билан яшаб келган. Оилада 2 нафар қиз фарзанди бўлган. Бироқ Х.С. никоҳида хотини бўла туриб, ундан қонуний ажрашмаган ҳолда 2016 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида истиқомат қилувчи аёл билан ҳам шу хонадонда шаръий никоҳ асосида яшаб келган.
Асосий сабаб расмий никоҳдаги хотинини «соғлиғи йўқ, руҳий хаста» дея айтилган. 2018 йилда эса шаръий никоҳдаги хотини ўғил фарзандни дунёга келтирган.
Қўш хотинли Х.С. судда айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Суддан қонуний енгиллик сўраб, биринчи хотини ва икки нафар қизи учун шароит яратиб берганини таъкидлаган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди уни Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.