Қозоғистон чегарасидан ўртоғини олиб кетиш учун Самарқанддан Қорақалпоғистонга машинада келган 31 яшар Насимжон Холиқов уйига тирик қайтмади.
Самарқандлик Насимжон Холиқовнинг Қорақалпоғистондаги сирли ўлими тафсилотларини унинг сафардошлари хабар қилди.
“Россиядан қайтаëтган дўстимиз Отабек Қозоғистонда машинаси бузилиб¸ йўлда қолди. У Насимжонга телефон қилиб¸ Қорақалпоғистондаги чегарадан олиб кетишни сўради. Менинг Ласетти машинамда йўлга чиқдик. Отабек ва яна битта қашқадарëлик йўловчини олиб қайтаëтганда ярим тунда Қўнғирот гаичилари тўхтатди”¸ дейди самарқандлик ҳайдовчи Сайдулло Ўринов.
Гувоҳнинг айтишича¸ воқеа тунги 11 ларда халқаро магистраль йўлда бўлган.
“Қоп-қоронғу¸ яйдоқ жойда тўртта ГАИ машинасида ўтирган 8 тача инспектор тўхтатди. Рулда мен эдим. Тушсам¸ номернинг тепасидаги свечканг куйган¸ протокол қилиб¸ жарима тўлатаман¸ деди. Отабек тушиб¸ ҳатто қозоғистонлик гаилар ҳам бу қадар инсофсиз эмас¸ қўйвор¸ деди. Орада тортишув чиқди¸ гаичилар "сенлар баран” деб бизни ҳақорат қилишди. Насимжон тушиб¸ телефонига видеога ола бошлади. Битта гаишник унинг телефонини тортиб олмоқчи эди¸ у йўл бўйлаб қоча бошлади. Иккитаси пиëда¸ иккитаси машинада Насимжоннинг орқасидан қувди. Отабек ҳам бормоқчи эди¸ уни уриб¸ ГАИ машинасига қулфлаб қўйишди. Мениям олдимни тўсиб¸ тўхтатишди”¸ деб давом этади Сайдулло Ўринов.
Воқеа гувоҳлари¸ орадан 20 минутча ўтиб¸ ўзларини ушлаб турган ЙПХ ходимлари тўсатдан машинага ўтириб¸ жўнаб қолгани¸ Насимжонни қидириб 500 метрча юргандан кейин¸ унинг йўлда ëтган ўлигига дуч келишганини айтди:
- Борсак¸ йўл бўйида ëтипти¸ ўлиб бўлган экан. Пешонаси¸ шапкаси тўла қон эди. Тепасида¸ фаралари ўчирилган Скорий¸ бизни тўхтатган гаичилар турипти. Бизни олиб кетиб¸ икки кун ушлаб туришти. Ўлигини эртасига таксида Самарқандга юборишди. Телефонини тортиб олишган¸ ундаги видеоларни ўчиришган.
Қўнғирот туманида ўтказилган дастлабки тиббий экспертиза¸ Насимжон Холиқов қочаëтган пайтда юракка кислород етишмаслиги оқибатида ўлган¸ деган хулоса чиқариб берган. Аммо шериклари¸ соппа-соғ йигит ҳақида чиқарилган бу хулосага ишонмасликларини айтади.
- Биз Самарқанд вилояти Нуробод туман прокуратурасига ариза бердик. Кўмишдан олдин бу ерда ҳам тиббий экспертиза қилишган¸ республикага юборилди¸ дейишди. Ҳали жавобини айтишмади. Биз Нуробод прокуратурасига Насимжонни Қўнғирот йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уриб ўлдирди¸ деб кўрсатма бердик. Улар кўзинг билан кўрдингми¸ деб бу гапни инобатга олмаяпти. Қўнғирот прокуратурасида бизни аввалига¸ “сенлар ўлдириб¸ йўл бўйига ташлаб кетгансанлар¸ бўйнигга ол”¸ деб қўрқитишмоқчи бўлди. Лекин¸ бу гапнинг очиқчасига шантажлигини билиб¸ яна ўзлари тўхтатишди¸ дейди Сайдулло Ўринов.
Қўнғирот туман ИИБсининг расмийси¸ Насимжон Холиқовнинг йўл ҳаракати инспекторлари тўхтатгани ортидан ўлганини инкор қилмади.