Ўзбекистон ҳукумати Улуғ Ватан урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва тантанали нишонлаш бўйича махсус дастурни қабул қилади.
Бу ҳақда ОАВлар Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миллатлараро муносабатлар ва хориж мамлакатлари билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбоновга таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Қурбонов бу ҳақда Ўзбекистондаги Россия ватандошлари ташкилотларининг анжуманида маълум қилган.
Қурбоновга кўра, дастур доирасида ўтказиладиган тантаналарнинг марказида Тошкентда “Ғалаба” боғининг очилиши бўлади. Бу ерда окоп ва блиндажлар қазилиб, уруш пайтидаги ҳарбий техника кўргазмага қўйилади.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан жорий йилнинг ёзида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғи барпо этила бошлагнган эди.
– Бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши керак. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарур, – деб айтган Шавкат Мирзиёев.