Оқтобе (Қозоғистон) шаҳар суди 52 кишининг ўлимига сабаб бўлган автобусдаги ёнғин иши бўйича айбланаётган беш киши устидан ҳукм чиқарди.
Автобус ҳайдовчилари — Нуржан Қирғизбоев, Мақсат Пернебеков ва Барат Танатовларга — суд беш йил озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини чиқарди, улар етти йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Суд ҳайдовчиларни ёнғин хавфсизлик талаблари ва транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларини бузганликда айбдор деб топди. Танатовсудда баёнот бериб, автобусда йўловчи сифатида кетаётганини айтди.
«Азия транзит сервис» компанияси таъсисчиси Нурлибек Тилепбаев ва корхона механиги Бахадур Пердебаевни суд уч ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилди, уларнинг ҳар бири манзил-колонияда жазони ўтайди. Суд қарорига биноан судланувчилар 46 нафар марҳумнинг оиласига маънавий зарар сифатида иккимиллион тенге (беш минг доллардан кўпроқ)дан тўлайди.
«Азия Транзит Сервис» компанияси таъсисчисининг ҳаракати тижорат ташкилотларидаги мажбуриятни етарли даражада бажармаслик, носоз автотранспорт воситасини ишга чиқариш, шунингдек ҳужжатларни сохталаштириш сифатида квалификация қилинди. Механикка носоз авторторанспорт воситасини ишга чиқариш айби қўйилди. Суд эшитувларида судланувчилар ўзларига қўйилаётган айбловларга рози эмасликларини айтишди.
Автобус ҳайдовчилари 24 январь куни ҳибсга олинган бўлиб, ҳамон тергов қамоқхонасида ушлаб турилибди. Бундан аввал расмийлар автобус эгасига халқаро қидирув эълон қилинганини, эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда ушлаб туриш чораси қўлланилишини маълум қилган эди.
Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган автобус 18 январь куни эрталаб Оқтобе вилоятининг Иргиз туманидан ўтувчи трассада ёниб кетди. Беш киши қутилиб қолди, Ўзбекистон фуқаролари бўлмиш 52 киши ҳодиса жойида ҳалок бўлди. Ёнғинга олов билан эҳтиётсизлик туфайли фойдаланиш сабаб бўлди. Тергов версиясига кўра, ҳайдовчилар салонни истишида кавшар лампасидан фойдаланишган.