Фарғона вилояти Бешариқ туман суди айни туманда жойлашган автомобил ювиш шохобчасида вояга етмаган қизни зўрлаш ҳолати юзасидан жиноят ишини кўриб чиқмоқда. Икки маҳаллий тадбиркор 13 яшар қизнинг номусига тегишда айбланмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди котибининг билдиришича¸ жорий ҳафтада бошланган маҳкама Бешариқ тумани Сирдарë кўчасидаги “Агроинвест” МЧЖга қарашли автомойка биносида 13 яшар қизнинг жорий йил 16 майида икки эркак тарафидан зўрлангани борасидаги гувоҳлик кўрсатмалари ва экспертиза хулосасини эшитган.
Жорий йилнинг 21 майида тузилган суд-тиббий экспертизасининг 44 сонли хулосасида таъкидланишича¸ “ич кийимлар ва тўшакдаги қон ва сперма доғлари таҳлили¸ жабрланувчининг гуруҳ бўлиб зўрланганига далолат бўла олади”. Бешариқ туман прокуратураси тарафидан судга тақдим қилинган айблов ҳулосасида ëзилишича¸ 13 яшар Д.И жорий йилнинг 10 май оқшомида зўрланган.
Бу иш терговига алоқадор ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг айтишича¸ жабрланувчи қиз "Бешариқ тумани Намуна ширкати ҳудудида кечқурунги соат тўққизларда сайр қилиб юрганида айни туманда яшайдиган Х.Н исмли йигит тарафидан алдаб “Агроинвест” МЧЖга қарашли эски биносига олиб келинган". "Автомойка сифатида ишлатиб келинган қаровсиз бинога олиб келинган 13 яшар қизни Х.Н исмли йигит куч ишлатиб, зўрлаб қизлигидан жудо қилган. У бу ишни қилаëтганда хонани ичидан қулфлаб олган"¸ - дейди исми сир қолишини истаган ҳуқуқ тартибот органи ҳодими.
Аммо жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди котибининг билдиришича¸ дастлабки суд мажлисларида илгари сурилган “қиз калтаклаб зўрланган” деган иддао ўз тасдиғини топмаган.
– Ўтказилган суд-тиббий экспетизаси ҳам қизнинг баданида калтаклаш оқибатида юзага келган жароҳатларни топмади. Қиз ўз розилиги билан бу йигитлар билан қўшилган деган хулоса шаклланяпти маҳкама жараëнида. Бундан ташқари айбланувчиларнинмг қизга 5000 сўм пул бергани ҳам суд терговида аниқланди. Қизнинг руҳий аҳолини текширган психиаторлар унинг рухий соғломлиги ва ўз хатти-ҳаракатини назорат қила олиши ҳақида хулоса берди¸ - дея билдирди суд котиби.
Жабрланувчининг ҳимоячисига кўра¸ "қизнинг ўзи рози бўлди деган гап мантиқан тўғри эмас". "Икки ақли жойида эркак бир балоғатга етмаган қизни алдаб, зўрлаб, номусига теккан"¸ - дейди ҳимоячи.
Балоғатга етмаган қизни зўрлашда айбланганлар устидан суднинг навбатдаги мажлиси кейинги ҳафтага режаланган. Айбланувчилар ҳибсда сақланмоқда. Балоғатга етмаган қиз билан боғлиқ жиноят иши кўрилаëтгани боис суд ëпиқ режимда ўтмоқда.