Боливия президенти Эво Моралес ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди. Бу мухолифатнинг уч ҳафталик норозилигидан кейин юз берди.
Якшанба куни Боливия қуролли кучлари раҳбари Уильямс Калиман ҳам Моралесни истеъфога чиқишга чақирди. Шундан кейин давлат раҳбари халққа қилган телемурожаатида 13 йиллик бошқарувдан сўнг ўз лавозимини тарк этаётганини айтди.
Аввалроқ, Моралес норозиликлар саҳнида президент сайловининг биринчи босқичи расмий натижаларини бекор қилишга ва янги овоз беришни ташкил этишга розилик берганди. У шунингдек, сайлов комиссиясини тарқатиб, уни қайтадан шакллантиришга ҳам кўнганди. Америка давлатлари ташкилоти истеъфодан олдин айнан шундай қадамлар ташлашни тавсия этган.
Боливиядаги норозилик чиқишлари мамлакат Олий сайлов суди 20 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайлови якунларини эълон қилгандан кейин бошланиб кетди. Суд маълумотига кўра, тўртинчи марта президент этиб сайланган Эво Моралес 47 овоз олган, унинг бош рақиби, собиқ журналист Карлос Меса 36,5 фоиз овоз тўплаган.
10 фоиздан кўпроқ устунлик Моралесни биринчи босқичда ғолиб деб эълон қилишга имкон берди. Меса натижаларни тан олмади, оммавий сохталаштиришлар бўлганини айтиб, ўз тарафдорларини иккинчи тур сайловини ўтказиш талаби билан кўчаларга чиқишга чорлади. Натижада Боливиянинг бир неча шаҳарларида камида уч кишининг ўлимига олиб келган норозилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бошланди.