Сўнгги йиларда Made in Uzbekistan маҳсулотлари турк ва хитой маҳсулотлари билан рақобатлашган ҳолда тожик бозоридан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.
Тожикистон Ўзбекистондан кийим-бош, пойафзал, озиқ-овқатдантортиб техникагача импорт қилади. Кўплаб харидорларнинг айтишларича, уларга ўзбек маҳсулотларининг сифати ва нарҳи маъқул келади.
Бироқ, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасида Ўзбекистон маҳсулотлари етакчилик қилади, тожик тадбиркорлари эса қўшни мамлакатга асосан цемент сотади.
Расмий маълумотга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда икки баробар ошган.
Пойтахтдаги “Корвон” бозорида савдо қилувчи тадбиркор Наргис Ҳафизова аввалари Хитой ва Қирғизистондан маҳсулот олиб келарди, аммо сўнги йилларда у ўзининг бизнес-маршрутини ўзгартирди ва Ўзбекистондан хотин-қизлар учун маҳсулот олиб кела бошлади. «Хитой ва Қирғизистонга нисбатан Ўзбекистон қулай. авваллари менинг Хитой ва бошқа мамлакатларга боришимга тўғри келарди, йўлга 7-10 кун кетарди. Ўзбекистонга эса 2-3 кунга бориб келаман. Маҳсулотларнинг нарҳи ҳам анча арзон», -дейди тадбиркор аёл.
Унинг сўзларига қараганда, кўпчилик тадбиркорлар Хитой, Туркия ва Қирғизистондан юк олиб келаётганларида қийинчиликлар билан тўқнаш келишади – турли сабабларга кўра улар олиб келаётган маҳсулотлар йўлда ушланиб қолади ва тадбиркорлар ҳафталаб ва ойлаб ўз маҳсулотларини кутишга мажбур бўлишади.
Шуҳрат Салимов «Корвон» бозорида эркаклар учун кийим-бош сотади. Юқори сифатли маҳсулот қидираётганлар учун у Туркия маҳсулотларини таклиф қилади. Шу билан бирга у Ўзбекистон маҳсулотларини ҳам сотади, унинг айтишича, ўзбек маҳсулотларига ҳам талаб юқори экан.
Тожикистон бозори асосан Хитой, Туркия ва Қирғизистон маҳсулотлари билан тўлдирилган. Бироқ, сўнги йилларда Made in Uzbekistan маҳсулотлари ҳам пайдо бўлди. Аввалига харидорлар бу маҳсулотларга эҳтиёткорлик билан қарашди, кейинчалик эса уларнинг сифати юқорилиги ва арзонлиги уларнинг ишончини қозонди. «Аввалига биз бу маҳсулотлар Ўзбекистонники десак харидорлар қайрилиб ҳам қарамай нари кетишарди. Кейинчалик улар ўзбек маҳсулотлари сифатига ишонишди ва ҳозир бу маҳсулотларга талаб юқори», - дейди аёллар либосини сотувчи Баҳтиёр.
Унинг айтишича, маҳаллий тадбиркорлар Душанбе бозорларидаги талабдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларига буюртма беришмоқда. «Масалан, Туркияда ишлаб чиқарилган аёлларнинг узун кўйлаклари 500-600 сомони туради. Шу каби либосларни Ўзбекистонга ҳам буюртма қиламиз уларники нисбатан арзон, 200 сомони (20 долларга яқин) туради», -дейди суҳбатдош.
Ўзбекистондан пойафзал ҳам олиб келинади. Харидорларнинг айтишларича, Хитой маҳсулотига солиштирганда ўзбек пойафзаларининг сифати анча яхши, аммо Россия ва Туркия пойафзали каби юқори эмас.
Тожикистон-Ўзбекистн ўртасидаги чегаралар очилганидан кейин нафақат икки мамлакат фуқороларининг ўзаро борди-келдиси учун имкониятлар пайдо бўлди, балки ўзаро товар айланмаси ҳам кўпайди. Ҳозир тожик бозорида нафақат ўзбек кийимлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини, балки хонадонлар учун ишлаб чиқарилган маиший техника ва товарларни ҳам учратиш мумкин. Иқтисодчилар, Тожикистон ҳам цемент билан чекланиб қолмасдан, қўшни мамлакатга ўзининг маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтирса яхши бўлишини таъкидлашади.