Туркманистон расмийлари 2019 йилги пахта териш режаси бажарилганини эълон қилишди. Бу ҳақда TDH расмий агентлиги хабар қилади.
Барча беш вилоятлар – Ахал, Балқон, Лебап, Марий ва Дошоғуз вилоятларининг раҳбарлари президент Гурбангули Бердимуҳамедовга муваффақиятлар ҳақида ҳисобот беришди. Умуман олганда, таъкидланишича, 1 млн 50 минг тонна ҳосил йиғилган. «Ўз зиммаларига олган мажбуриятларни шараф билан бажарган мамлакат миришкорлари далаларда қолган бутун пахта ҳосилини йиғиштириб олиш учун зарбдор суръатда меҳнат қилишда давом этмоқдалар», – дейилади хабарда.
Озодликнинг Туркманистон ҳукуматидаги манбаси бу йил ҳосилдорлик камлиги боис пахта тайёрлаш давлат режаси бажарилмаслигини хабар қилган бўлсада, бу хабардан 10 кун ўтиб пахта териш бўйича давлат режаси бажарилгани эълон қилинди. Озодлик суҳбатдоши 31 октябрь кунги суҳбатда ушбу вазият туфайли Туркманистон қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигида тўс-тўполон кузатилганини айтган эди. Давлат телевидениеси хабарига кўра, президент барча минтақалар раҳбарларини орденлар билан мукофотлашга фармойиш берди. Улар орасида Ахал вилояти ҳокими, ўзининг ўғли Сердар ҳам бор.
Яқинда терим кампанияси якунлари ҳақида ҳисоботни чоп этган Turkmen.News шунингдек, режа тахминан 40 га бажарилишини иддао қилган эди. Нашр пахта Ахал вилоятида ҳам унмаганини хабар қилган. Озодлик манбасига кўра, бундай вазиятнинг юзага келишига баҳорги масумда барча саъй-ҳаракатларнинг донни йиғиштириб олишга йўналтиргани, пахтани эсдан чиқарганликлари сабаб бўлган.
«Бундан ташқари, давлат ижарачилар олдидаги ўз мажбуриятларини бажара олмаган. Уларни техника, суғорма сув ва ўғитлар билан таъминламаган. Аввал бошда ижарачилар оз-оздан ўғит олиб туришган, бироқ кейин уларни беришни тўхтатишган. Ҳозир ижарачилар уларда яна расмийлар билан боғлиқ муамолар юзага келишидан хавотирда. Ўтган йили кўплаб фермерларга иш очишган, прокуратурага чақиришган, мол-мулкини мусодара қилишган. Шундан кейин уларнинг кўпчилиги фермерликни ташлаб, тирикчилик илинжида Туркияга кетишган», - дейди манба.