Ўзбекистонда тўй ва маросимларини ўтказиш бўйича миллийлик ва замонавийликни ўзида мужжасам этган намунавий сценарийларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Daryo.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова шундай таклиф билан чиққан.
Нашрнинг ёзишича, мулозим тўй ўтказиш тартиб-қоидаларини тайёрлаш бўйича Маданият вазирлигининг Концерт-томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси ва "Ўзбекконцерт" иш бошлаганини ҳам билдирган.
"Асосий масала нима? Биринчидан, тарихийлик ва миллийликни сақлаш. Иккинчидан, замонавийликни ушлаб қолиш. Санъаткорларни чақиришда нималарга урғу бериш керак? Масалан, Президентимиз тўйларда мақомлардан бўлсин деб, айтгандилар. Шу билан бирга, олимларни жалб қилиб, тўйлар ҳақида илмий тадқиқотлар қилиш, чиройли тўйларни юзага олиб чиқиш лозим", дея иқтибос келтиради мулозимдан Daryo.uz нашри.
2019 йилнинг 5 октябрида Олий Мажлис Сенати тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилди.
Унга кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.
Низомга кўра, тўй ўтказувчи шахс тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши керак.
Никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан ортиқ енгил автомашинадан фойдаланиш ҳам мумкин эмас.
Бу тартиб 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Тартибни бузганларга эса 2 млн. 230 минг сўмдан 11 млн.150 минг сўмгача жарима солиш кўзда тутилган.
Қатор чекловлар ортидан мана энди - барча тўйларни бир қолипга солиш - яъни намъунавий сценарийлар асосида ўтказиш ҳам таклиф қилинмоқда.
Ҳатто, бу борада "Ўзбекконцерт"нинг иш бошлагани ҳам айтилмоқда.
Бунга қадар ҳам мамлакатдаги турли даражада бўлган мулозим ва таниқли шахслар тўйларни чеклаш бўйича таклифлар билан чиққан эди.