Тожикистонда амнистияга тушган маҳбусларнинг биринчи гуруҳи озодликка чиқди. Тожикистон парламенти ўтган ҳафта мамлакат Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги шарафига “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Явандаги қамоқхонанинг, Нурекдаги аёллар колонияси, пойтахтнинг 33-микротуманида жойлашган вояга етмаганларнинг тузатиш колонияси ва махсус турманинг маҳбусларидан иборат 1060 киши озодликка чиқди. Хабар берилишича, озодликка чиққанлар орасида 165 нафар аёл ва 60 нафар вояга етмаган болалар бор.
Тожикистон адлия вазирлигининг жиноий жазони ижро этиш бош бошқармасидаги манбанинг 28 октябрь куни Озодлик радиосига хабар беришича, душанба куни амнистияга тушган яна бир гуруҳ маҳбуслар озодликка чиқади.
25 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан парламент маъқуллаган “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини имзолади. Тожикистон парламентининг қуйи палатасига қонун лойиҳасини тақдим этган мамлакат Бош прокурори Юсуф Раҳмон “Амнистия тўғрисида”ги қонун 20 мингдан зиёд гумондор, айбланувчи, судланган ва қамалганларга қўлланилишини, шу жумладан, тузатиш ишларига ҳукм этилган 4,5 минг киши ҳам амнистияга тушишини хабар қилди. Қонун лойиҳасига кўра, 7 мингдан кўпроқ маҳбуслар колонияларда жазо ўташдан озод қилинади.
"Лойиҳага мувофиқ, жазони ўташ муассасаларидаги 300 нафар аёлнинг 165 нафари, тарбия муассасаларида жазони ўтаётган 75 нафар вояга етмаган маҳбуснинг 58 нафари қолган жазо муддатини ўташдан озод қилинади", - деб хабар беради Тожикистон бош прокурори. Унинг қўшимча қилишича, 12 йилдан кўпроқ турмаларда қолаётган аёлларнинг барчаси амнистияга тушади. Юсуф Раҳмоннинг қайд этишича, 55 ёшдан катта эркаклар, ногиронлар, оғир касал шахслар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, бошқа давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар қатнашчилари, Чернобил атом электростанцияси ҳалокати оқибатида жабр кўрганлар жавобгарликдан озод этилади. Унга кўра, 8 минг 800 нафардан зиёд маҳбуснинг ўтамаган жазо муддати қисқартирилади.
Тожик адвокати Абдуқаюм Юсуповнинг сўзларига кўра, “Амнистия тўғрисида”ги қонун фақат ўз айбига иқрор бўлганларга тегишли бўлади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва сафдошлари “виждон тутқинлари” деб атайдиган маҳбуслар ҳам қамоқхоналарда қолади. Тожикистон расмийлари мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжудлигини ҳар гал рад этади.