Тошкент шаҳри туманларидан биридаги мактаблар дарвозалари олдида ўқувчиларни ҳар тонг навбатчи ўқитувчилар кутиб олмоқда ва ўқишга рўмолда келганлардан мактабга ялангбош киришни талаб қилмоқда.
Озодликка 3 октябрь куни келган аудиода ҳукумат қарори ижросини таъминлаётган ўқитувчилар ва қизларини мактабга рўмолда юбораётганлар ўртасидаги зиддият моҳияти акс этган. Унда Тошкент шаҳри туманларидан бири ХТБ мутасаддиси сентябрь охиридан бошлаб мактаб дарвозалари олдига навбатчи қўйиш ва мактабга ҳижоб¸ рўмолда келган ўқувчи қизларни мактаб ҳудудига белгиланган қоидага мос шаклда ҳижобини ечтириб кириш буюрилганини тушунтиради.
Бу рўйхатни белгиланган тартибда тўлдириб топширишни талаб қилган нотиқ¸ сўнгра рўмолли қизлар борасида қилиниши лозим кундалик ишни айтади – ҳар бир мактабнинг кириш дарвозалари олдига¸ асосан¸ аëллардан иборат навбатчилар қўйилишини буюради.
“Соат 7:00 дан мактабнинг эшигига одам қўясиз¸ эркак ва аëл қўясиз. Ҳар битта мактаб навбатчини эшикка бириктириб¸ расмини кечи билан 7.15 гача личкамга юборасиз”¸ дейди туман ХТБ масъули.
Ҳозирда ўзидан талаб қилинаëтган асосий иш шу эканини таъкидлаган нотиқ¸ қизлардан рўмолни ечишда консерватив оилалар ҳиссиëтларини қўзғатишдан сақланишни алоҳида тайинлайди.
“Эркак киши еч рўмолингни деса¸ отага оғир ботаяпти¸ иштонингни еч дегандек қабул қилаяпти. Шунга аëл кишини бириктирасиз. Ҳар куни навбатчи бўлади. Мактабнинг темир решеткаси - ограждениега етмасдан рўмолини ечади¸ ечгандан кейин синф раҳбарига яхшилаб тайинлайсиз¸ киради¸ рўмолини олиб¸ синф раҳбари тортмасига солиб¸ ўқувчи дарсдан чиққандан кейин қўлидан ушлаб туриб¸ обориб решеткадан ўтказиб туриб¸ кейин рўмолни беради. Мактабнинг ичида сиз хўжайинсиз¸ ота-она эмас. Ота-она уйида хўжайин. Мактабда ўқувчи сизнинг қоидангизга бўйсуниб юради. Улар ультиматум қўймасин. Улар қонун-қоидасини сизга ўтказмасин¸ сиз уларга ўтказинг”¸ дейди ХТБ масъули.
ХТБ мутасаддиси бир неча марта тилга олган шахснинг туман Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раҳбари экани ва 666-сонли қарор ижроси билан нафақат таълим соҳаси¸ балки¸ ДХХ ва ҳокимлик шуғулланаëтганини айтади.
“Каримов даврида мактабга рўмолда келиш муаммоси ҳал бўлган эди - бундайлар қолмаганди. Мирзиëев келиб¸ диндорларга ëқадиган гапларни айтиб¸ уларни рағбатлантирганидан кейин¸ мактаб низоми¸ ҳукумат қарорига буйсунишни хоҳламаëтганлар кўпайди. Муаммонинг илдизи болаларнинг уйида бўлса¸ биз қандай ҳал қиламиз. Дарвозанинг олдида рўмолини ечганимиз билан¸ бу масала ҳал бўлиб қолмаяпти. Лекин балога яна ўқитувчи қолаяпти – иш кунимизни узайтириб¸ ишга 6:30 да келасан¸ ҳар биттаси учун жавоб берасан¸ деб бизга босим бўлаяпти”¸ дейди Тошкентдаги мактаб раҳбарларидан бири.
Озодлик аудиода овози ëзилган ХТБ мутасаддиси билан боғланди. Суҳбатдош¸ Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори ижроси устида мунтазам иш бораëтганини тасдиқлади. Айни пайтда бу масъул¸ мактаб қоидаларини ўрнатиш мақсадида тонгги навбатчилик ташкил этилганини инкор қилди.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 август кунги 666-сонли қарорида ўқувчининг мактабга қандай қиëфада келиши батафсил тасвирланган.
Ҳукумат қарорида мактаб формаси шу тартибда тасдиқланган. Унга кўра: “Ўзбекистон Республикасида аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин ва конфессиялар хамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди”.
Бироқ, Ўзбекистондаги консерватив диндорлар гуруҳи Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорини “тавсия” характерида деб эълон қилиб¸ ўз ҳаммаслакларини уни ижро қилмасликка чақирмоқда. Хусусан¸ ижтимоий тармоқларда дунëвий давлат талабига мувофиқ мактабга қизларини рўмолсиз киритиш “номусга тажовуз” сифатида талқин этилди¸ “эркаклар номус учун жон беришга” чақирилди.