Тожикистон ҳукумати зўрлаш ва зўрлик билан жинсий ҳаракат содир этганларга нисбатан жазони кучайтиришга уринмоқда. Шу кунларда ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси парламентга юборилди, деди Тожикистон президентининг юридик масалалар бўйича ёрдамчиси Маҳмадали Ватанзода.
Тузатишлар ТР Жиноят кодексининг 138 («Зўрлаш») ва 139 («Жинсий характердаги зўрлаш ҳаракатлари») моддаларига тегишли бўлади. Ҳукумат, ўз жабрдийдаларига жинсий йўл орқали ОИТСни юқтирган зўравонларга нисбатан бериладиган жазони ҳам кучайтиришни таклиф қилмоқда.
«Қонун лойиҳаси муаллифларининг фикрича, тузатишлар жуда ҳам муҳим бўлиб, жинсий характердаги жиноятлар даражасини қисқартиришга қаратилган», - дея таъкидлади Ватанзода.
Айни дамда жинсий зўравонлар уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум этилиш билан жазоланади. Бироқ 14 ёшга тўлмаганларни ёки яқин қариндошини зўрлаганларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаш билан қаттиқ жазо берилади.
Тожикистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари зўрлаш учун жиноий жавобгарлик кескинлаштирилиши кераклигини бир неча бор кўтариб чиқишган. Уларнинг сўзларига қараганда, судлар зўравонларга нисбатан жуда ҳам юмшоқ ҳукм чиқаради, айрим ҳолларда зўрлашда айбланганларнинг иши судгача етиб бормайди.
БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш 3 сентябрь куни Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, мамлакатда жинсий зўравонлик ва шилқимликка барҳам беришга чақирди. У зарурият туғилгудек бўлса бу кўриниш масаласида «тоқат сиёсатини» ҳаётга татбиқ этишда БМТ мамлакат ҳукуматига ёрдам беришини ваъда қилди.