Хўжанддаги қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлди, дея хабар берди манба. Ҳозирча икки нафар қўриқчининг ҳалок бўлгани тасдиқланди. Сўғд вилоятининг маъмурий марказидаги 16 мавзеда жойлашган колонияда 8 ноябрь куни кечқурун исён кўтарилди.
Исённи бостириш вақтида бир неча маҳбус ва қўриқчи жароҳат олди. Манбанинг хабар беришича, колониянинг 6 нафар қўриқчиси шаҳар шифохонасида шифокорлар назоратида даволанмоқда. Исён вақтида ҳалок бўлган қўриқчилардан бири - 29 ёшли Эҳсон Ёқубов Матчо туманидаги Оббурдон жамоати Пастигав қишлоғининг қабристонига дафн этилди.
Пастигав қишлоғи раиси Шохкарим Муҳаммадиевнинг 8 ноябрь куни маълум қилишича, қўриқчи билан видолашиш учун колония раҳбарлари ҳам келди. Дафн маросими иштирокчиларидан бирининг сўзларига қараганда, колония раҳбарлари тартибсизликлар қочиш мақсадида ўта хавфли жиноятчилар томонидан уюштирилганини айтишган. Бироқ улар ниятларига етмади, дея таъкидлашди қамоқхона раҳбарлари. Аммо Хўжанд қамоқхонасида кўтарилган исён сабаблари ҳақида ҳамон расмий хабар йўқ. Эҳсон Ёқубов қаттиқ режимли колонияда армия хизматидан кейин ишлаб келаётган эди. Унинг икки нафар ёш боласи етим қолди.
Ҳуқуқ тартибот идорасидаги манбанинг пайшанба куни айтишича, колонияда юз берган фавқулотда ҳодисани ўрганиш мақсадида махсус тергов гуруҳи тузилди, унга Тожикистон бош прокурорининг ўринбосарларидан бири бошчилик қилмоқда.
Хўжанддаги 16-мавзеда жойлашган қаттиқ режимли колонияда тартибсизликлар 8 ноябрга ўтар кечаси бошланди. Қамоқхонага милициянинг махсус кучлари ташланди, исён бостирилди. "Исёнкорлар совуқ қуроллар билан қуролланган эди. ФҲ сабабларини тергов қилиш бошланди", - деган эди манба аввалроқ. Унинг айтишича, ҳалок бўлган ва жароҳат олганларнинг аниқ сони маълум эмас. "Менинг маълумотимга кўра, қочишга уринган бир нечта маҳбус жароҳат олди», - деди манба.
Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, шаҳарнинг барча йўлларида, шунингдек қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонга элтувчи трассаларда куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларнинг кучайтирилган постлари ўрнатилди.