Лондондаги суд Озарбайжон Халқаро банки собиқ раҳбарининг рафиқаси Замира Хажиевани гаров эвазига қўйиб юборди. У Harrods савдо марказида 16 миллион фунт сарфлагани, шунингдек, яна 20 миллионга кўчмас мулк сотиб олганидан сўнг уни ушлашди.
Ватанида Хажиевани талон-тарож қилишда айблашмоқда.
Ҳозирги вақтда Британия полицияси Хажиева сарф қилган пулларнинг келиб чиқиш манбаини тергов қилмоқда. Унга пулларни ноқонуний ўзлаштирганлик айби қўйилаяпти. Хажиевани 500 минг фунт миқдоридаги гаров эвазига қўйиб юборишди, у ҳар куни полицияда қайддан ўтиши шарт. Хажиевага кечқурун соат тўққиздан сўнг уйидан чиқиш ва Лондонни тарк этиш тақиқланган.
Замира Хажиева 55 ёшда. 2016 йилда Бокудаги суд унинг эрини фирибгарлик ва камомадда айблаб, 15 йил озодликдан маҳрум этишга маҳкум қилди. Тергов фаразига кўра, Жаҳонгир Хажиевнинг ҳаракатлари туфайли банкдан ўнлаб миллион долларлар йўқолган. Унинг ўзи айбни инкор қилган эди.