Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари 31 август куни баёнот бериб чегарада, Исфара ва Баткен оралиғидаги ҳудудда навбатдаги можаро юз берганини маълум қилишди. Ҳар икки томон, худди аввалгидек, юз берган ҳодисада бир бирларини айбладилар.
Тожикистон томоннинг баёнотига кўра, Қирғизитон чегарачилари ва аҳолиси Чоркух қишлоқ жамоатига тегишли Хўжа Аъло қишлоғини ички йўллари асфальтланишига қаршилик қилишган.
Аммо ҚР Давлат Чегара хизматининг фикрича, йўл чегаранинг белгиланмаган участкасидан ўтмоқда, шу сабабли қурилиш ишлари қирғиз томони билан келишилган ҳолда олиб борилиши керак.
Ҳодиса гувоҳларининг Радио Озодига айтишларича, қирғиз чегарачилари қурилиш ишларини тўхтатиш мақсадида ҳавога қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узишган. Қирғизистон чегарачилари бу фактни инкор қилади. Давлат Чегара хизмати вакилларинг қирғиз ОАВга маълум қилишларича, «тожик томони талабларга бўйсинмагани, ҳамда чегара нарядига тош улоқтиргани боис ҚР чегарачилари ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлди». Уларнинг маълум қилишича, можаро Баткен туманнинг Тош-Тумшуқ қишлоғида юз берди.
Исфаранинг Чоркух жамоатидаги Хўжа Аъло қишлоқ кенгаши раиси Нодирахон Авезованинг 31 август куни Радио Озодига айтишича, қишлоқликлар томонидан асфальт қилинган йўл Тожикистон ҳудудидан ўтади ва 5 километрлик йўлнинг атиги бир километригина асфальт қилинган, холос. Унинг сўзларига қараганда, ҳодиса борасидаги видео Хўжа Аъло қишлоғи қаршисидаги Баткен тумани Оқтатир кенгаши раисига юборилди.
Икки мамлакат чегарачилари, милиция ходимлари ва маҳаллий идоралар вакилларининг музокараларидан сўнг чегарадаги вазият барқарорлашди. Қирғиз томони баёнот бериб, йўл қурилиши юзасидан ҳеч ким уларни хабардор қилмаган, шу сабабли қурилиш ишлари тўхтатилди. Шу билан бирга Хўжа Аъло қишлоқ кенгаши раҳбари эртаси куни йўлни асфальтлаш давом эттирилишини маълум қилди.
Сўнгги ойларда узунлиги 976 км, шундан 504 километри делимитация ва демаркация қилинган тожик-қирғиз чегарасида бир нечта можаролар бўлиб ўтди. Чегараларнинг аниқланмаган линияси чегара яқинидаги қишлоқларда можароларга сабаб бўлмоқда. Аниқланмаган чегара участкаларида тез-тез ер, сув учун, шунингдек чегарадан ноқонуний кесиб ўтиш ва миллатлараро келишмовчиликлар туфайли тез-тез низолар юз бериб туради. Можаролар вақтида томонлар бир-бирларига тош улоқтиради, айрим ҳолларда ҳодиса қуролли тўқнашувлара айланиб кетади.
Сўнгги бор бу каби можаро 24 август куни Қирғизистоннинг Лайлак тумани ва Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров тумани аҳолиси ўртасида бўлиб ўтди.