Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қамоқдан озод қилинди. Баҳриддин Исомовнинг айтишича, у суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг 29 август куни уйига қайтган.
Баҳриддин Исомов қамоқдалиги пайтида унга нисбатан яхши муомалада бўлинганини айтди.
30 август куни Баҳриддин Исомов томонидан ёқиб юборилган Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари Мансур Тўймаев, ундан келиб узр сўраган ва улар ярашган.
Аdvokatnews.uz сайти хабарига кўра, Яккабоғ тумани прокурори санкцияси билан айблов Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”)дан 98-модда (“Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш”)га қайта малакаланиб, айблов енгиллашгани муносабати билан Баҳриддин Исомовга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган.
Бундай қарорга Қарши университети психология факультети олимларидан иборат экспертлар гуруҳининг “ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлган” деган хулосаси асос бўлган.
30 август куни Баҳриддин Исомовнинг уйида унинг қамоқдан озод этилиши шарафига қўй сўйилиб, тадбир ўтказилган. Бу тадбирда Яккабоғ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари, ёқиб юборилган Мансур Тўймаев ҳам қатнашиб, Баҳриддин Исомовдан узр сўраган.
Баҳриддин Исомовнинг айтишича, томонлар бир-бирларини кечириб, ярашишган: "У келиб узр сўради, мен ҳам узр сўрадим. Ҳаммаси яхши бўлди".
Баҳриддин Исомов ҳоким ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборганида жуда кучли аффект ҳолатида бўлганини айтди:
- У ерда нима бўлган, нима қўйган, мен ўзим ҳеч нарсани билмайман.
Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор Баҳриддин Исомов 20 июль куни кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини трактор билан бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборган эди.
Бу воқеа ҳақидаги хабардан кейин туманнинг аввалги ҳокими Шоҳмурод Донаев, ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев ишдан олинганди.
Баҳриддин Исомов ҳибсга олиниб, унинг устидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Бу воқеадан қарийб икки ҳафта ўтганидан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор мажлисида Қашқадарё вилояти ҳокимини хиёнатда айблаб қаттиқ танқид қилган эди.
Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман ҳокимлиги тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони ва цехини бепул таъмирлаб берди.