Олмалиқ шаҳридаги ҳусусий дўкон эгалари Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармаси Оҳангарон шаҳрида янги очилган “Қалдирғоч” боғчасига "президент ташрифига", деб олиб кетган мебел ва маиший техника пулини тўламай келаётгани ҳақида шикоят қилди.
Исми очиқланмаслигини истаган Олмалиқдаги ҳусусий дўкон эгаларидан бирининг айтишича, гап 76 миллион сўмлик ($9 минг атрофида ) мебел ва маиший техника ҳақида боряпти.
- Президент ташрифи учун 76 миллион сўмлик мебел ва маиший техника берганмиз. Президент келиб кетганидан кейин пулини ўтказиб берамиз дейишганди. Бир ойдан ошди, шартнома муддати ҳам ўтиб кетди, пулдан дарак йўқ. Бу нима очиқчасига алдашми тадбиркорларни, - деди хусусий дўкон эгаларидан бири.
Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси расмийларидан бири мебел ва маиший техника пули тадбиркорларга тўланмаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бунга сабаб вилоят Молия бўлими пул ажратмаётганидир.
- Молия пул ажратмаяпти, душанбага ваъда қилолмаймиз, келаси ҳафта дейишди. Агар ажратса пулини ўтказиб беришга ҳаракат қиламиз. Тадбиркорларнинг ўзлари билан ҳам бу ҳақда гаплашганмиз, уларга вазиятни тушунтирганмиз, - деди Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси расмийси.
Президент кўзбўямачиликни ёқтирмаслигини айтган бўлса ҳам, мамлакатда у борадиган жойлардаги ҳолатни аслидан бўрттириб¸ йўқ нарсаларни бор қилиб кўрсатиш анъанаси кенг ëйилиб бормоқда.