Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сони 14 июлга келиб 960 минг кишидан ошди.
Давлат тест марказининг маълум қилишича, шу кунгача кундузги бўлимда ўқиш учун 672 016 нафар, кечки бўлимда ўқиш учун 11 947 нафар, сиртқи бўлимда ўқиш учун эса 276 880 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Ўқиш учун энг кўп ариза (65605) Самарқанд давлат университетига топширилган. Кейинги ўринларда Андижон давлат университети (41832 та) ва Қарши давлат университети (40538 та) келади.
“Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш”, “Мактабгача таълим” ҳамда “Жисмоний маданият” кабилар абитуриентлар энг кўп танлаётган йўналишлар ўлароқ қайд этилган.
Аввалроқ Озодлик олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун мамлакат бўйлаб қабул комиссияларида узундан-узун навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар қилганди.