Имон Каримова Instagram саҳифаси орқали маълум қилишича, қамоқ жазосини ўтаётган онаси Гулнора Каримовага ички тартибни бузганлик айблови қўйилган.
Шунингдек, Имон Каримова онасига нисбатан янгидан жиноят иши очиш ҳаракатлари бўлаётганидан хавотир билдирган.
Имон Каримова Instagram мессенжеридаги Iman.k17 саҳифасида янги эълон қилган маълумотлардан маълум бўлишича, Зангиота аёллар қамоқхонасида қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримовага жорий йилнинг 6 апрель куни “Ички тартибни бузганлик” айблови қўйилган.
Буни сохта айблов дея иддао қилган Имон Каримованинг ёзишича, онасини эрталабки текширувга чиқмаганликда айблашган. “Ваҳоланки, онам ўша куни касал бўлган”, дея ёзади марҳум президентнинг невараси:
“Аслида Гулнора Каримованинг тиббий картасини текшириш мумкин эди. 5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси унинг соғлиги ёмонлашиб, қон босими ошгани учун унга бир марталик укол қилинган”.
Ўзбекистон қамоқхоналарида шу пайтгача “ички тартибни бузганлик” учун маҳкумга қўшимча муддат қўшиб берилган. Ҳар ҳолда сиёсий ва диний маҳкумларга шундай жазо қўлланиб келинган. Бу жазо Гулнора Каримовага ҳам қўлланилгани номаълум. Боиси Имон Каримова онаси билан боғлиқ ҳолатнинг бу жиҳатини очиқламаган.
Шунингдек, Имон Каримованинг ёзишича, онасининг жазо муддати тугаётгани сабаб жорий йилнинг март ойида манзил колонияга ўтказилиши лозим эди. Бироқ Имон Каримова бунинг пайсалга солингани, боз устига «ички тартибни бузганлик» айблови қўшилиши ортидан июнь ойида ўтказилган комиссия онасини қамоқхонада қолдиришга қарор қилганидан нолийди.
Имон Каримова онасига нисбатан бўлаётган бу каби ҳолатларни Швейцария томонидан Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтаришни тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган асосий омил сифатида тасвирлайди.
Жорий йил 1 июль куни Швейцария суди Гулнора Каримованинг музлатилган $850 миллионидан 555 миллиони қайтарилишини вақтинча тўхтатди.