Шаҳрисабз умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлари рўйхатида қолди

4 июля 2019 Шаҳрисабз умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлари рўйхатида қолди

ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси қўмитаси Шаҳрисабзни умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатида қолдирди.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook саҳифасида маълум қилишича, бу борадаги қарор Жаҳон маданий мероси қўмитасининг Бокуда ўтган 43-сессияси доирасида 2 июль куни қабул қилинди.

“Ҳужжатда шаҳарни ривожлантириш бўйича аниқ тавсиялар мавжуд ва Шаҳрисабз хавф остидаги объект рўйхатида қолдирилиши ҳақида айтиб ўтилган. Ўзбекистон томони икки йил ичида шаҳарни регенерация қилиш бўйича режа лойиҳасини ишлаб чиқиш мажбуриятини олди", деб ёзди Бош вазир ўринбосари.

2016 йилда Шаҳрисабз Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқарилиш таҳдиди остида қолган эди. 2018 йилда Ўзбекистон ЮНЕСКОга Шаҳрисабз тарихий қисмини сақлаб қолиш йўналишидаги ишларни кучайтиришга ваъда бергани ортидан, бу шаҳар Жаҳон маданий мероси рўйхатида 2019 йилгача қолдирилган.

Бокуда 30 июндан 10 июлгача ўтадиган 43-сессияси​да Самарқанд билан боғлиқ вазият ҳам муҳокама қилинади.

​ЮНЕСКО Самарқандни Жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқармоқчи экани ҳақида Озодлик мақола чоп этган эди.