Эрон президенти Ҳасан Руҳоний баёнот бериб, эндиликда мамлакат уранни тўйинтириш масаласида халқаро битимларда белгилаб қўйилган чекловларга амал қилмаслигини маълум қилди.
Эрон етакчиси шунингдек, АҚШга мурожаат қилиб, эришилган Битимни қайтадан тан олишга чақирди, бу битимга кўра Теҳрон ўзининг ядро дастурларининг маълум қисмини тўхтатиши керак бўларди.
Руҳонийнинг сўзларига қараганда, Эрон ўзи истаган даражагача уранни тўйинтириши мумкин. Президент яна баёнот берар экан, бу қарор Вашингтон билан келишувга эришилган тақдирда “бир соат давомида” бекор қилиниши мумкинлигини, шу сабабли халқаро ҳамжамият ташвишга тушмаслигини маълум қилди.
Руҳоний шунингдек, агар АҚШ Теҳронга нисбатан санкциялар орқали босимни тўхтатмайдиган бўлса мамлакат жанубидаги Арақ шаҳридаги реактор фаолиятини қайта тиклаш билан пўписа қилди. Реактор 2015 йилда Эроннинг ядро дастури бўйича халқаро битим имзоланганидан кейин беркитилган ва цементлаб ташланган эди. Ўшанда Теҳрон уранни тўйинтириш бўйича белгиланган 3,6% лимитга риоя этишга рози бўлган эди. Бу лимит электроэнергия ишлаб чиқаришга етади, аммо ядро қуроли яратишга етмайди.
Бундан аввал шу ҳафтада МАГАТЭ экспертлари Эрон 2015 йилдан бери илк бор кам тўйинтирилган уран заҳираси бўйича чекловлардан ошиб кетганини тасдиқлади.