АҚШ президенти Дональд Трамп келаси ҳафтада Японияда бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммитида Россия президенти Владимир Путин билан учрашишини маълум қилди. "Мен Россия билан муносабатларни ўрнатмоқчиман", - дея баёнот берди Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Куни кеча Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот бериб, ўзида Путиннинг Трамп билан учрашуви ҳақида янгиликлар йўқлигини айтган эди. Осака саммити майдонида икки томонлама учрашувлар графиги шакллантирилмоқда, дея қўшимча қилди Песков.
Май ойи ўрталарида Сочида журналистлар олдида чиқиш қилган Путин Москва Вашинтон билан муносабатларнинг яхшиланишига умид қилишини ва Японияда бўлиб ўтадиган “Катта йигирмалик” саммиитда Дональд Трамп билан учрашиш имконияти борлигини айтган эди.
Трамп ҳам июнь ойи сўнггида Путин билан Осакада учрашишни режалаштираётганини айтган эди.
Учрашув бўлиши ҳақида дастаб тарқатилган хабарларга қарамай, АҚШ ва Россия президентларнинг ўтган йилги Буэнос-Айресда бўлиб ўтган “Катта йигирмалик” саммитидаги учрашуви амалга ошмай қолган эди. Бунга 24 нафар украиналик денгизчининг босиб олинган Қрим соҳилларида Россия чегарачилари томонидан қўлга олиниши сабаб бўлган эди. Украина денгизчилари ҳамон Россияда ушлаб турилибди.