Олмаотада номаълум кишилар «Менинг президентим эмас» дея ёзуви бўлган баннерни ўрнатиб кетишди, дея жума куни хабар берди Vlast.kz янгиликлар сайти. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, эни ва узунлиги бир метрча келадиган баннер Самал мавзеидаги қурилиши битмаган бинода пайдо бўлди.
Ҳозирча ҳеч ким осилган баннернинг муаллифлиги юзасидан маълум қилмади, аммо жума куни эрталаб муҳолифатдаги Rukh2k19 гуруҳи ўзининг Instagram'даги саҳифасида баннернинг тагига қуйидаги сўзлар ёзилган суратни эълон қилди: «Биз президент сайлови легитим бўлганини тан олмаймиз. Биз сайлов натижаларини тан олмаймиз. Тоқаев — менинг президентим эмас!» Лабига «Немой» («Соқов»), дея ёзилган инсоннинг портрети акс этган баннер қурилиши битмаган бинога илиб қўйилган.
9 июн куни Қозоғистонда аксилҳукумат митинглари фонида муддатдан аввалги президент сайлови бўлиб ўтди, унинг якунлари бўйича 66 ёшли Қасим-Жомарт Тоқаев ғалаба қозонди. У мамлакатнинг собиқ президенти 78 ёшли Нурсултан Назарбаевнинг амалдаги меросхўри бўлиб беш йиллик президентлик муддатни таъминлади. Ғарб кузатувчиларининг фикрича, сайловларда оммавий равишда қоида бузилишлари қайд қилинган ва норозилик намойишига чиққанларни ушланиши кўнгилни ранжитган.
Апрел ойида Олмаота, Нур-Султон ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида сиёсий тизимдан норозилик кайфиятлари фонида адолатли сайловлар ўтказилиши ва фуқароларнинг эркинликлари ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланишига оид чақириқлар бўлган баннерлар пайдо бўлди. Бир неча фаол маъмурий ҳибсга олинди, камераларда суратга олган бир неча киши жаримага тортилди.