«Ислом давлати» (ИД) гуруҳи Вахдатдаги “Ғиштли” қамоқхонасидаги исённи ташкилаштириш борасидаги маъсулиятни ўз зиммасига олди. 19 май оқшомида колонияда юз берган тартибсизлар оқибатида 32 киши, жумладан колониянинг уч нафар назоратчиси ҳалок бўлди.
ИД гуруҳи Тожикистондаги Вахдат колониясида юз берган исён учун маъсулиятни ўз зиммасига олди, дея 14 июн куни хабар берди Reuters жангариларнинг Al-Nabaa ахборот хафталикномасига таянган холда. ИД жангариларининг баёнот беришича, Вахдат колониясида юз берган исён “халифалик жангчилари” томонидан уюштирилган. Аммо, «Ислом Давлати» мазкур колониядаги тартибсизликларга алоқаси борлигини исботловчи бирор бир далил келтирмаган, дея хабар беради Reuters.
Исён юз берган «Кирпичний» (“Ғиштли”) қамоқхонаси Душанбедан15 километр жанубий шарқда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, исённинг эртаси куни Тожикистон расмийлари баёнот бериб тартибсизликларни уюштириш учун маъсулият айнан ИД зиммасида эканлигини маълум қилган эди. Тожикистон Адлия вазирлиги ўшанда бош “исёнкор”, расмиий версияга кўра, 2015 йилда Сурияга қочиб кетган ва ИД сафларига қўшилган Тожикистон ИИВ ОМОНнинг собиқ командири полковник Гулмурод Ҳалимовнинг ўғли Беҳруз Гулмурод эканини маълум қилди. Қочқиндаги полковникнинг ўғли 2017 йилда “Ёллаш” моддаси бўйича айбдор деб топилган ва 10 йил муддага озодликдан маҳрум қилинган эди.
Бироқ, Тожикистон ҳукуматининг оппонентлари юз берган ҳодиса бўйича расмий версияга ишонмайди. Таркибига ТИУП ҳам кирган Тожикистон Миллий Альянси қисқа муддатларда мустақил тергов комиссияси тузилишини талаб қилди. Бу комиссия таркибига Тожикистон ҳукумати, фуқаролик жамияти, яқинда юз берган ходисалар қурбонларининг оила аъзолари ва қариндошлари, шунингдек, БМТ ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакиллари киритилиши таклиф қилинади.
Колонияда умумий ҳисобда 1,5 минг махбус сақланади. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, исён маҳбусларнинг қийноқларга солиниши ва жазони ижро этиш муассасидаги коррупция туфайли юз берган.