18 май куни Польшанинг С-3 автойўлида ëниб кетган бир ўзбекистонлик жасади текширилмоқда. Ëнаëтган машина ичидан қутқарилиб вертолётда касалхонага етказилган иккинчи ўзбек 27 майга келиб кўзини очган бўлса ҳам ҳали тилга кирмаган.
Бу маълумотларни Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси 27 май куни билдирди.
Бундан олдин Хорватиядан фура сотиб олиш учун Польшадан йўлга чиққан икки Ўзбекистон ватандошининг 14 майдан бери бедарак экани ҳақида хабар берилган эди.
Варшавадаги Ўзбекистон элчихонанинг маълумотига кўра¸ Matiz автомобили Шчечин (Szczecin ) ва Гожув (Gorzów) шаҳарлари ўртасида ёниб кетган. Элчихона вакили айнан бундай деди:
- Машинадаги бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, иккинчиси оғир куйиш жароҳатлари билан хушсиз ҳолда полиция вертолетида Шчечин шаҳри шифохонасига олиб келинган. Текширув олиб бораётган Пижице (Pyrzyce) шаҳар полициясидан олинган хабарга кўра, уларнинг иккаласи ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин. Полиция тахминига кўра, Фарғона вилоятидан бўлган Ўзбекистон ватандоши 60 яшар Мамадалиев Шуҳратжон Ваҳобович ҳалок бўлди. Наманган вилояти Чуст туманидан бўлган Лутфуллаев Бахтиёр Эркин ўғли шифохонага ётқизилган. Ҳозир Шчечиндаги шифохонада қолаëтган Лутфуллаев Польшанинг Торунь шаҳридаги Банк олий мактаби магистратурасида ўқиган.
Айни пайтда элчихона вакили “Matiz автомобили ичидаги жасад ва касалхонага куйиш ташхиси билан ëтқизилган яна бир кишининг Ўзбекистон ватандоши экани бу полиция тахмини эканлигини таъкидлади:
-100 фоиз аниқ маълумот ДНК анализи чиққанидан кейин ва касалхонадаги шахс тилга кирганидан кейин очиқланади.
Элчихона вакилига кўра¸ ўзбек дипломатлари эхтимолий қурбонларнинг қариндошлари ва Польша ҳокимият органлари билан алоқа ўрнатган ва муаммоларни тезкор ҳал қилишда кўмаклашиш учун вазиятни назоратда ушлаб турибди:
- Ўша машинада ëниб кетганлиги тахмин қилинаëтган кишининг қариндошлари билан ва воқеани текшираëтган терговчилар билан яқин алоқадаман. Қариндошлари ҳали Польшага келишмади.
Ўзбекистон ватандошлари фарғонaлик Шуҳрат Мамадалиев ҳалок бўлгани ва чустлик Бахтиëр Лутфуллаевнинг касалхонага ëтқизилгани ҳақидаги Польша тергов органлари тахмини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида ҳам эълон қилинди.