Россия Марказий Африка Республикасига қурол-яроғларнинг иккинчи партиясини жўнатади, дея хабар беради халқаро RFI француз радиоси. Ахборотни Россиянинг мазкур республикадаги элчихонаси вакили Виктор Токмаков тасдиқлади.
Унинг сўзларига қараганда, Москва беғараз асосида Бангига ўқ отар қуроллар ва ўқ-дориларни юборади. Қуроллар жўнатиладган аниқ сана маълум эмас. Таҳминларга қараганда, қуролларни жўнатиш яқин ҳафталарда юз беради.
RFI маълумотига кўра, 30 нафар россиялик зобит республикадаги БМТнинг тинчликни сақловчи миссиясида иштирок этади. Токмаков хабарни тасдиқламади, бу масала бўйича аниқ маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.
Ҳарбий қўллаб-қувватлашдан ташқари "Россия МАР иқтисодиётининг тикланишида иштирок этиш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олган", дея баёнот берди Марказий Африка Республикаси президенти Фостен-Арканж Туадера.
Россия илк бор МАРга 2018 йилнинг қишида қурол юборган эди. Қуролларни президент гвардияси, МАР армияси, полиция, жандармерия ва Адлия вазирлиги олди, дея таъкидланади БМТ ҳисоботида. Бу қурол-яроғлар мингдан ортиқ кишини қайта қуроллантиришга етади.
2018 йилнинг 30 июл куни МАРда уч нафар россиялик журналист ўлдирилди, улар бизнесмен Евгений Пригожин ҳомийлик қилиши айтиладиган “Вагнер хусусий ҳарбий компания” фаолияти тўғрисида ҳужжатли фильмни суратга олишни режалаштирган эдилар. Михаил Ходорковскийнинг “Досье” суриштирув маркази журналистларнинг ўлдирилиши аввалдан режалаштирилганини айтади. Марказнинг фикрича, қотилликка россиялик ёлланмаларнинг алоқаси бўлиш эҳтимоли бор. Россия Тергов қўмитаси бу ахборотни инкор қилади , қўмитанинг фикрича журналистлар ўғирлик қурбонига айланган.