Вашингтонда Ўзбекистонни "махсус назорат қилинадиган давлатлар” рўйхатидан чиқариш масаласи муҳокама қилинди

24 мая 2019 Вашингтонда Ўзбекистонни "махсус назорат қилинадиган давлатлар” рўйхатидан чиқариш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг 23 майда билдиришича, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Алишер Курманов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, муфтий Усмонхон Алиевдан иборат делегация АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус элчиси Сэм Браунбэк билан икки томонлама учрашув ўтказган.

Учрашувда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича "Йўл харитаси"нинг амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасида хавотирларни келтириб чиқарувчи мамлакатларнинг «назорат рўйхати"дан чиқариш чоралари муҳокама қилинган.

АҚШ Давлат департаменти ўтган йилнинг 11 декабрь куни жаҳондаги диний эркинликлар вазияти тўғрисидаги навбатдаги йиллик ҳисоботини эълон қилар экан, Ўзбекистон "алоҳида хавотирга молик давлатлар" рўйхатидан чиқарилганини маълум қилган ва Ўзбекистонни “махсус назорат қилинадиган давлатлар” рўйхатига киритган эди.

Бундан тақшари делегация 21 май куни АҚШ президенти ёрдамчисининг ўринбосари Лиза Кёртис, АҚШ вице-президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус маслаҳатчиси Майкл Катрон билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда динлараро ифторликда ҳам иштирок этди. Хабарда айтилишича, Ўзбекистон-Америка алоқалари тарихида илк бор Ўзбекистон муфтийси динлараро ифторда қатнашди.