Белорус президенти Александр Лукашенко ўз мамлакатига нефть етказиб бериш масаласида Қозоғистон билан музокаралар бошлаш таклифи билан чиқди, дея хабар беради давлатга қарашли БелТА ахборот агентлиги.
Қозоғистоннинг Беларусдаги элчиси билан суҳбатда Лукашенко Минск ўзининг нефтни қайта ишлаш заводлари учун нефть манбаларни диверсификасиялаш ниятида эканини билдирди. Белорус ахбороти агентлигининг хабар қилишича, бунга жавобан элчи Ермухамет Ертысбаев Қозоғистон Беларусни нефть билан таъминлашга тайёрлигини, аммо бунинг учун Россия билан келишувга эришиш лозимлигини таъкидлади.
Апрел ойида Россия нефть ифлослангани аниқланганидан сўнг "Дружба" қувури орқали нефть етказиб беришни тўхтатди.
23 май куни “Дружба” нефть қувури участка оператори бўлмиш Словакиянинг Transpetrol компанияси, бир кун аввал Словакияга нефть етказиб бериш қайта тиклангани борасида маълум қилди. "Дружба" қувуридан Қозоғистон ва Россия нефти Беларусь орқали Польша ва Германияга ҳам етказиб берилади.
Бундан аввалроқ шу ҳафтада "Белнефтихим" давлат компанияси нефть қувури ифлосланганидан кейин Россия нефтини етказиб бериш икки ойдан кейингина қайта тикланиши борасида маълум қилган эди. Компаниянинг маълум қилишича, айни дамда Беларусда 1,2 миллион тона ифлосланган нефть бор.
Россия президенти Владимир Путин бу ҳодисани ўз мамлакати ва нефть инфратузилмалари обрўси учун “ўта жиддий” зиён эканини таъкидлади. Россиянинг нефт гиганти "Транснефть" нефть ифлосланишига кичикроқ хусусий компанияни айблаб чиқди.