Ангренда 16 яшар қиз 62 ёшли "тиллочи" аёлни пичоқлаб ўлдирганликда гумон қилинмоқда

16 мая 2019 Ангренда 16 яшар қиз 62 ёшли "тиллочи" аёлни пичоқлаб ўлдирганликда гумон қилинмоқда

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида халқ орасида “Бибисора Тиллочи” деб ном чиқарган 62 ёшли тадбиркор аёл 13 май куни ўз уйида чавақлаб ўлдирилди. Қотилликда гумонланиб Ангрендаги мактаблардан бирининг 10-синфида ўқийдиган қиз қўлга олинди.

Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими қотилликда гумонланиб 16 ёшли мактаб ўқувчиси қўлга олингани, шаҳар прокуратураси тергов олиб бораётганини билдирди. Ҳуқуқ-тартибот органлари жиноят мотивлари тўғрисида ҳеч қандай маълумот бермади.

Марҳуманинг воқеадан хабардор қўшниларидан бирининг айтишича, қотиллик ўлдирилган аёлнинг уйида бўлган.

"13 май куни тушдан кейин бўлди бу. Ҳалиги қиз пичоқ уриб баданини илма-тешик қилиб ташлаган. Саксонта жойига пичоқ урган дейишди. Лекин, тиллоларига тегмаган. Пичоқлаш аёлнинг 7 ёшли неварасини кўз олдида бўлган. Бола шокда, руҳшунослар болага ёрдам кўрсатишди".

Марҳумнинг қўшнилари қотил тиллочи аёлнинг заргарлик буюмларига тегмаганини айтишмоқда.

Қотилликда гумонланиб ҳибсга олинган қиз ўқийдиган Ангрендаги мактаб ўқитувчиси ўз ўқувчисининг қотилликда айбланаётганидан шокда эканини айтди. "Аълочи қизлардан эди. Фан олипиадаларида қатнашган. Тўғриси, бу хабар биз учун шок бўлди. Ишонгимиз келмаяпти", деди у.

Қотилликда гумонланаётган қиз қўшниларидан бирининг айтишича, ота-онаси Россияга ишлагани кетгани сабаб у бувисиникида яшаган: "Бувиси билан яшаган. Ота-онаси Россияда. Лекин, одобли қиз эканини биламиз".

Пичоқланган “Бибисора Тиллочи”ни яхши биладиганларнинг иддао қилишича, у заргарлик билан бирга "судхўрлик билан ҳам шуғулланган".

Ангренликлардан бирининг иддао қилишича, “Бибисора Тиллочи” фоизга пул олиб, одамлар пулини йиллар давомида қайтармаган холлари бўлган.

"Қизни тиллочи аёл билан олди-бердиси бўлганми, билмайман, лекин у аёл одамларга фоизга пул бериш бериш билан шуғ​улланган, фоизи билан қайтараман деб, пул олиб келган, қайтармаган ҳолатлари ҳам бўлган".

Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлими қотилликда гумонланиб 16 ёшли мактаб ўқувчиси қўлга олингани, шаҳар прокуратураси тергов олиб бораётганини билдирди.