Қозоғистон Умуммиллий социал-демократик партияси (УСДП) 26 апрель куни бўлиб ўтган съездда 9 июнга белгиланган навбатдан ташқари Қозоғистон президентлик сайловларини бойкот қилишини маълум қилди.
9 июнь куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон президентлик сайловларида УСДПдан номзод сифатида қатнашиши борасида ҳафта бошида баёнот берган журналист Ермурат Бапи ўз номзодини қайтариб олди.
Партиянинг 26 апрель куни Олмаотада бўлиб ўтган навбатдан ташқари съездида Бапи баёнот бериб, ҳаммаслаклари билан маслаҳатлашиб олганидан сўнг делегатларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда шу қарорга келганини айтди. Съезд иштирокчиларининг катта қисми бўлажак навбатдан ташқари президентлик сайловларини бойкот қилиш фикрини қўллаб-қувватладилар.
Ўз чиқишида Бапи “Ҳақиқатдан қочиб қутила олмайсан” акциясини тилга олиб ўтди, маълумки, Олмаота марафонида иштирок этган икки фаол ушланган ва 15 кунга ҳибсга олинган эди ва бир неча киши жаримага тортилди. Бапининг таъкидлашича, «ҳозир мамлакат мустақилликка эришган илк йиллар бошларида, 1990 йилларда туғилганлар ўз норозилигини билдирмоқда».
Ўзини мухолифат дея эълон қилган УСДП 2016 йилги парламент сайловларида етти фоизлик тўсиқдан ўта олмаган (партия 1,18 фоиз овоз олиб бешинчи ўрини эгаллади), шу тариқа Мажилисдан ўрин олмади.
УСДП – Қозоғистонда расман рўйхатдан ўтган еттита партиянинг биттасидир. Амалдаги қонунларга кўра, президентликка мустақил номзодларни кўрсатиш тақиқланади, номзодлар фақат республика жамоат ташкилотлари, жумладан сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади. Номзодларни кўрсатиш 10 апрелда бошланди ва 28 апрел куни саоат 18.00да якунланади. Номзодларни рўйхатга олиш 11 май соат 18.00гача давом этади.