Нега шундай? Нега инсониятнинг бир қисми исрофгарчиликда, иккинчи бир қисми оч ва ночор? Нега баъзиларнинг бир кунлик эҳтиёжи бошқаларнинг бир йиллик эҳтиёжига тенг? Нега дунёнинг бир бурчагида бир хонаки итга эгасидан бир неча миллион доллар мерос қолиб кетаётган маҳалда бошқа бир ерда одам боласи ҳамманинг кўз ўнгида очликдан вафот этяпти? Битта кичкина сайёрада яшаб туриб, инсоният виждони буни қандай кўтаряпти?
Виждон
Бир тоифа ҳақида «уларнинг охиратга иймони йўқ-да, шунинг учун...», деймиз. Майли, улар-ку якуний савол-жавобга ишонмас экан, нега биз мусулмонларда ҳам ҳол шу?
Нега исрофга берилиш мусулмонлар орасида ҳам одатий ҳолат кўринишини олган? Нега, масалан, торгина денгизнинг бир қирғоғида мусулмонлар тилло-ю бриллиантлар билан безатилган машиналарда юради-ю, бошқа қирғоқда очликдан болаларнинг териси суягига қапишган? Савол-жавобга ишонувчилар – аҳли иймоннинг умум виждони буни қандай ҳазм қиляпти?
Бу саволни ҳар биримиз ўзимизга бир бор бўлса-да берганмиз, албатта. Ва уни ўзимиздан тезроқ нари қилиш учун нимадир важлар топганмиз. Биримиз бу ҳолатни ҳукуматларнинг олиб бораётган сиёсатига боғлаймиз, биримиз ҳукмрон тоифаларнинг виждонсизлигига тўнкаймиз. Аммо...
Хўп, сиёсат шундай экан, одамлар-чи? Сиёсатчилар эмас – оддий мусулмонлар – ёшлигидан биродарчилик ҳаққи тўғрисидаги ривоятларни эшитиб келадиган мусулмонлар-чи? Нега ривоятлар бизга таъсир этмай қолди? Бу саволга қандай жавоб берамиз?
Ёнингда биродаринг, биродарингнинг болалари оч бўлса-ю, сен эса киприк қоқмай «фалон минг доллардан паст нархдаги машина минмайман», – деган шиор билан, «диним буни менга ҳалол қилди» деб яшасанг, ичингдаги «виждон» деган нарса ўзини қандай ҳис қилади?
Биринчи ривоят
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилла ва кумуш идишларда еманглар ва ичманглар...», дедилар».
Ҳадисда гап модда – тилла ва кумуш ҳақидами? Ҳадисни «дунёда бир қанча биродарларинг, балки узоқдадир, балки у қўшнингдир, моддий қийналиб турганда сен қимматбаҳо металдан ясалган идишда таом еб турсанг, қалбинг ногаҳон қорайиб, зарар кўради», деб тушунишимиз лозим эмасмиди? Моддадан муҳимроқ – қалб ҳақида эмасми ҳадис?
Биз эса ҳадиснинг зоҳирини олдик – тилла идишдан таом ейишни ҳаром билдик, аммо ундан кўп марта қимматбаҳо бошқа – эҳтиёждан минг марта ошиб кетган матоҳларни ўзимизга ҳалол деб билдик.
Иккинчи ривоят
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ён қўшниси очлигини билатуриб, тўқ ухлаган кимса менга иймон келтирмабди».
Ривоятда келган оғир маънога кўзларимизни катта очиб яна бир назар ташлайлик: «Ён қўшниси очлигини билатуриб, тўқ ухлаган кимса менга иймон келтирмабди...»
Энди мана шу тамойилга амал қиладиган жамиятни кўз олдимизга келтирайлик... Энди эса ўзимизнинг ҳолимизга назар ташлайлик...
Аллоҳ таоло ўз элчиси воситасида яна ўша ҳақиқатга ишора этяпти – руҳлар ўзаро маънан муштаракдир – инсонлар ўзаро бир-бирининг ҳолини ҳис этмай қўйса, қалблар зарар кўради – моғор босади. Ҳар бир соҳада инсоннинг аввало қалбининг саломатлигини кўзлаган Ислом таълимоти биз инсонларга уқтиради – маънавий муштаракликка зиён етказиш – илоҳий тамойилга тескари бўлган, қалбга зарар келтирувчи иш.
Қалб саломатлигини Ислом дини ҳар бир нарсадан устун қўяди, аммо биз...
Бу ривоятларнинг ҳозирда сўзлари қолди – руҳи унут бўлди. Мукаммал таълимотнинг мағзини танитувчи маънолар чеккада қолди. Эндиликда 100 минг доллар турадиган машинани миниб юрган мусулмоннинг онгида бунга рухсат берувчи фатво бор, қалб-чи?
Қалб эса эгасига тўғрисини айтиб туради: «қанчадан-қанча қийналганлар бор, уларга ёрдам беришинг мумкин, сен эса Аллоҳ сенга берган маблағни исроф қиляпсан, манманлик учун сарфлаяпсан», деб туради.
Ҳашаматга берилган ўрнаклар
Камбағал кишилар тоифаси ҳашаматни кўрганда ичида бир туйғу пайдо бўлади. Бу ҳасад эмас, бошқа нарса. Бу – табиий эътироз. Бу эътироз кўпинча сўзларга айланмайди, бўғизда қолиб кетади, зеро «бу унинг мулки-ку», деган туйғу орага киради. Аслида эса «ҳамма мулк Аллоҳники». Ва бу эътироз мазкур ҳақиқатдан келиб чиқади.
Ва бунда диний таълим олган кишилар, имом-хатиблар одамларнинг алоҳида эътибори остига тушади. «Нега бизга ўрнак бўлиши керак бўлган кишилар ҳашаматга берилишган?», – деган савол кўпинча пинҳон, баъзида тилда янграйди. Баъзида қарши тарафнинг эътирози билан тўқнашади.
Аслида эса бу табиий – ҳақ динни етказиш йўлини, Аллоҳнинг элчиси алайҳиссаломнинг хулқини одамларга танитиш йўлини, хусусан бойларга мулк тасарруфида қалбни моғорлатмасликни ўргатиши лозим бўлган кишиларнинг ҳашаматга берилиши табиий эътирозларни келтириб чиқаради. Қалб саломатлигини сақлашни ўргатувчи таълимотни одамларга етказувчилар ўзлари ҳашаматга, қўшнисининг ҳолига бепарво бўлишини ақллари ва қалблари кўтармайди.
Ҳашаматли масжидлар
Тасаввур қиламиз. Фалон миллион пул сарфлаб ҳашаматга, ортиқча нарсаларга тўла масжид қурилди. У масжиднинг атрофида эса бирқанча муҳтож оилалар яшайди. Энди ўша масжидни қурган ва унда ибодат қиладиган мусулмонлар буни – атрофда муҳтож оилалар мавжудлигини билишмайдими? Албатта билишади. Бу маълумот, бу зиддият уларга қандай таъсир этади? Уларда яширин айбдорлик ҳисси пайдо бўлмайдими? Айнан ўша яширин айбдорлик ҳисси уларнинг шахсий юксалиши йўлида ғовга айланмайдими?
Тескари даъват
Сони 7 миллиарддан ошган Ер аҳолиси ичида бир қанчаси ўзига йўл ахтаради – ҳақиқатни излайди. Истеъмолчилик ботқоғига ботиб қолган воқелик ичида туриб, «ҳаётда бирор маъно бормикан», деб аланглайди, уйғунлик истайди. Ва табиийки, турли таълимотларнинг таклифларига назар солади.
Истеъмолчи бўлишдан чарчаган кишилар қалбларига таскин ўлароқ истеъмолчиликдан уларни халос этадиган таълимотни излашади, моддиятдан ўзини устун қўядиган тоифаларнинг йўлини исташади.
Табиийки, бу йўлда улар нажот истаб мусулмонларга ҳам кўз тикишади. Ва бир-бирининг ҳолини сўрамайдиган, ҳашаматга ботган моддапараст мусулмонларни кўриб нотўғри хулосаларга бориб қолишади. Бу ҳолатда бундай мусулмонлар Исломга даъватчилар эмас, балки аксилдаъватчилар бўлиб қолишади. Бу эса ер-у кўкка сиғмайдиган фожиа...
Ибратли суратлар
Мана бу Дубайда очилган кўргазмада сотувга қўйилган энг қимматбаҳо оёқ кийими. Нархи 17 миллион доллар:
Мана бу эса энг қиммат, кўпроқ бой мусулмонлар буюртма берадиган бриллиант билан безалган смартфон:
Бу ҳам аввалдан буюртма бериб ясатиладиган тилла смартфон. Унга ҳам кўпроқ мусулмонлардан буюртмалар тушади.
Араб амирликларида нархи ўта қиммат бўлган минглаб спорткарлар кўчага ташлаб юборилади:
Бой мусулмонлар ўртасида ёввойи ҳайвонларни боқиш тобора оммалашиб боряпти. Бундай ҳобби неча пулга тушишини тасаввур этиш қийин:
Бу оғирлиги 160 кило келадиган қуйма тилла. Уни одатда араб бойлари уйга безак бўлсин учун сотиб олишади:
Бу эса Ямандаги яна бир оч-ночор болача:
Ислом дини шундайми?
Қалбни ё тинглаш мумкин ёки ўлдириш – алдаб бўлмайди. Ўлдирилган қалб эгаси эса тубан лаззатларнинг изидан югурувчи қурилма – роботга айланади. Бундай «робот» эса ўзганинг ҳолини ҳис этишга, бутун бошли бир сайёранинг ташвишини чекишга сафарбар этилган ҳазрати Инсон мақомидан йироқ бўлган тубан жонзотдир.
Ҳеч шубҳа йўқки, Ислом дини қалбларни тирилтириш, саломат қилиш, воқеликда одамларга оқни оқ, қорани қора қилиб кўрсатиш учун нозил бўлди. Зеро, қоранинг оқ бўлиб кўриниб қолиши юқоридаги мудҳиш манзараларга олиб келишини кўриб турибмиз.
Йўқ, Ислом дини ундай эмас! Балки «ён қўшниси очлигини била туриб, тўқ ухлаган кимса»ни ўзидан нари қилиш билан қўрқитган, ҳатто масжид қурганда ҳам ортиқча харажатни ҳаром қилган диндир.
P/S:
Мақоладаги суратларни кўриб ўқувчи «бу мақола узоқ ўлкалар ҳақида экан» деган хулосага бориб қолиши мумкин. Йўқ, ҳақиқат шуки, мусулмон уммати бир оила ва сўз аслида... Булар ҳам ўзимиз ҳақимизда.
Узоқда бўлаётган ишлар гарчи биз учун амримаҳолдек - аммо ҳолимиз ўша-ўша. Уйимиз тўрини 160 килолик тилла қуйма билан безатмасмиз, бироқ қўшнимизнинг ҳолини ҳис этмай қўйганимиз рост. Исрофга беписандлигимиз, тўй-маъракаларимиз, маркабларимиз, уй қуришимиз – булар ҳам ўша «қўшиқ»нинг «нота»ларидан...
Шокир Шарипов