Шанхай яқинида 12 йил давомида қуриб битказилган, ташландиқ карьерда жойлашган люкс меҳмонхона очилди. Унинг ўзига хослиги шундаки, бино чуқурликда, пастки қаватлари эса сувда жойлашган.
Shine порталининг ёзишича, Иккинчи жаҳон уруши давридан 2000 йилгача ишлаб келган карьерда қурилган InterContinental Shanghai Wonderland меҳмонхонаси қоянинг бир қисмига ўхшаб кетади ва 88 метр чуқурликда жойлашган. 336та хонадан иборат 16 қаватли меҳмонхонанинг пастки икки қавати сув ичида. Айнан мана шу қаватларда люкс хоналар бўлиб, уларнинг деразасидан денгиз жониворлари сузиб юрадиган улкан аквариум кўриниб туради. Ресторан ҳам сувости қаватларида жойлашган.
Иншоотнинг умумий майдони 61 минг квадрат метрдан ортиқ. Меҳмонхонага шаҳар марказидан машинада бир соатда бориш мумкин. Унинг энг арзон хонасида бир кун туриш 490 доллар атрофида.
Меҳмонхона дизайнини архитектор Мартин Йохман ишлаб чиққан. У Дубайдаги елкан шаклида қурилган Burj Al Arab Jumeirah меҳмонхонаси лойиҳаси муаллифидир.