16 апрелда Шанхай халқаро автосалони ўз ишини бошлади. 18-маротаба ўтаётган автосалонда дунё ва Хитой автомобилсозлик саноатининг янги маҳсулотлари билан танишиш мумкин бўлади. Шу муносабат билан миллий кўргазма марказида (NECC) 20 та давлат автомобилсозлик саноатининг мингдан кўпроқ вакили ўз стендларини ўрнатган.
Кўргазманинг илк 2 куни анъанавий равишда журналистлар, 18-19 апрель кунлари автомобилсозлик саноати экспертлари учун очиқ бўлади. 20-25 апрель кунлари кўргазма павилонлари ўз эшикларини кенг омма учун очади. Кўргазмага 1 млн.га яқин киши ташриф буюриши кутилмоқда. Жорий йилда кўргазманинг умумий майдони 360 минг квадрат метрдан кўпроқ майдонни эгаллайди.
Дунёнинг етакчи автомобилсозлик компаниялари Осиё бозори салоҳияти ва бу минтақада ушбу тармоқнинг жадал ривожланаётганини ҳисобга олган ҳолда Шанхайга кўп йиллардан бери ўзларининг янги моделларини олиб келишади. Жумладан, кўргазмада Mercedes-Benz, Volkswagen, Toyota, Honda, Nissan, Mazda, Mitsubishi, Suzuki, Subaru, Buick, Chevrolet, Cadillac, Ford, Citroёn, Peugeot, Renault ва бошқа кўплаб етакчи компаниялар ўз маҳсулотларини тақдим қилади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга келсак, кўргазмада ўтган йилдагидек Хитой автомобилсозлик саноатининг 6 етакчи компанияси: FAW, Dongfeng Motor, SAIC Group, Changan Automobile, GAC Group ва BAIC ўз маҳсулотларини тақдим қилади. Шунингдек, Chery group, Geely Group, Great Wall, Brilliance Сhina Auto, BYD ва JAC каби маҳаллий компаниялар ўзларининг янги моделлари билан кўргазма иштирокчиларини хушнуд қилади.
Фото: Иван Каргапольцев/ТАСС