«GM Uzbekistan» тадбиркорни хорижлик инвестор олдида шарманда қилди: Қиммат ва сифатсиз маҳсулот ҳақида ҳикоя

19 апреля 2019 «GM Uzbekistan» тадбиркорни хорижлик инвестор олдида шарманда қилди: Қиммат ва сифатсиз маҳсулот ҳақида ҳикоя

Жойи келса миллий маҳсулотни танлаш, харид қилиш ҳам ватанпарварлик асли. Бир танишим Парижга борганида жанубий кореяликларнинг айнан ўз юртларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни танлаб харид қилганини айтиб кулганди. Ҳолбуки, қатор мамлакат фуқаролари шу йўл билан ўз юртининг ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашади.

 

Аммо ўз юртининг ишлаб чиқарувчилари бундан фақат ўз фойдасини кўзласа-чи? Харидорни алдаш, турли йўллар билан имкон қадар кўпроқ пул ишлаб, сифатни эсдан чиқариб қўйса-чи? Яқинда таҳририятимизга ташриф буюрган Ургут туманидаги тадбиркорлардан бири шу ҳақда афсус билан ҳикоя қилиб берди.

«...хитойлик тадбиркорлар билан қўшма лойиҳамиз бор. Корхонамиз учун машина танлар эканмиз, хорижлик ҳамкоримиз 35 минг АҚШ долларига Японияда ишлаб чиқарилган «Тойота» автомобилини маъқул деса, мен ўзимизда ишлаб чиқарилган «Малибу»ни харид қилишга ундадим. Биргаликда GM Uzbekistan АЖ сайтига кириб «Малибу»нинг хусусиятлари билан танишиб чиқдик. Ниҳоятда зўр!

Хуллас, 2018 йил 4 апрель куни интернет орқали (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) машинага буюртма бердим. Бу вақтда машина нархи 244 млн 570 минг 225 сўм эди. 12 сентябрда Самарқанд шаҳридаги «Самавтотеххизмат» масъулияти чекланган жамиятидан қўнғироқ қилиб, шартнома тузиш учун чақиришди. Бордим, аммо шартнома тузгунимизга қадар машиналар нархи ошиб — 275 млн 780 минг 751 сўм этиб белгиланибди. 21 сентябрда шу маблағнинг барчасини тўладим. (олдиндан, 100 фоиз).

20 ноябрь куни машинани олиб кетишим мумкинлигини билдиришди. Аммо маҳсулотни Самарқанддан эмас, Тошкентдан олиб келишим керак экан. Гарчи, мана шу ҳолат ҳам харидорга ҳурматсизлик, «ғирром»лик бўлса-да, бунга ҳам кўндик.

Машинани Тошкентдан олиб келдик. Хуллас, қўшма корхонамиз ўзимизнинг «Малибу»дан фойдаланадиган бўлди. Шу йилнинг март ойида инвесторлар билан шу машинада Ангрен эркин иқтисодий зонасига бордик. Кун ярмига келганда кондиционерни қўшишимни сўрашди. Не кўз билан кўрайки, машинанинг кондиционери ишламасди (қишга яқин машинани сотиб олганимиз учун шу вақтгача ишлатиб кўрмаган эканман). Нима дейишни билмайман.

Қоидага кўра, «GM Uzbekistan» АЖнинг энг яқин дилерлик марказига боришимиз ва улар тезда нуқсонни бартараф этишлари керак. Шу мақсадда «Тошкент ДЭУ центр» МЧЖ дилерлик марказига бордик. Яна бир марта уятга қолдим —«GM Uzbekistan» АЖнинг расмий дилерлик маркази бўлишига қарамай бу ердагилар хизмат кўрсатишдан бош тортишди: «Қаерда сотиб олган бўлсангиз ўша ерга боринг!».

Ахир, автомобилни сотиб олаётганимизда жамиятнинг сервис китобчасида келтирилган расмий дилерлар орасида бу марказ ҳам бор эди. Қолаверса, маҳсулотнинг кафолат муддати ҳам ҳали ўтмаган. Автомашинадаги ўша нуқсонни бартараф этишнинг ўзи бир ҳикоя бўлади.

«Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади», деган мақол бор. Ана шу воқеа сабаб бўлиб автомобилнинг барча жиҳозлари ва функцияларини текшириб чиқишга қарор қилдим. Текширган сари ҳайратдан ёқа ушлайман: қўлланмада кўрсатилган жиҳоз ва функциялардан нақ қирқтаси машинамизда йўқ! Дарҳол «GM Uzbekistan» АЖга мурожаат қилдим, натижа бўлмагач, бошқа идораларга ҳам...»

Тадбиркорнинг қўлида «автомобилдан фойдаланиш қўлланмаси» бор. Ҳақиқатдан ҳам, қўлланмадаги функциялар машинада йўқ. «GM Uzbekistan» АЖ вакилининг тадбиркорга берган жавоби билан танишамиз.

«Жамиятнинг расмий сайтида, расмий дилер автосалонларида ҳам ушбу автомобилнинг нархи билан бирга унинг модели, техник хусусиятлари, опциялари коди ва уларнинг маъноси аниқ кўрсатилган. Харидор ушбу маълумотларга асосланган ҳолда, ўз хоҳиши билан автомобиль танлаб, шартнома шартларини қабул қилади», — дейилган.

Хўп, демак, «GM Uzbekistan» АЖнинг расмий сайтида ушбу автомобиль ҳақда аниқ маълумот бор экан. Сайтга кириб кўрдик.

«GM Uzbekistan» АЖ расмий сайтида «EKSPLUATATSIYA BO'YICHA QO'LLANMA» рукни билан «GM Uzbekistan» АЖда ишлаб чиқариладиган барча автомобиллар қатори «Малибу» учун ҳам қўлланма (PDF) бор. Аммо яна ўша ҳолат: Бу қўлланмада кўрсатилган функциялардан 40дан ортиғи харидор олган автомобилда йўқ. Ана шундай бўлгани ҳолда «GM Uzbekistan» АЖ вакили харидорга «Жамиятнинг расмий сайтида...» деб бошланувчи жавоб қайтармоқда. Нега?

Мавжуд қонунчиликка кўра, харидор маҳсулотни кўриб, танлаб харид қилиши керак. «Малибу» олмоқчи бўлган харидорда эса кўпинча бу имконият йўқ, у пулини олдиндан 100 фоиз тўлаб, маълум муддат кутгачгина маҳсулотни кўриши (сотиб олгандан кейин) мумкин. Шундай бўлгач, у маҳсулот ҳақда асосий тўлиқ маълумотни ҳақиқатдан ҳам «GM Uzbekistan» АЖнинг расмий сайтидан олади. Шундай бўлгач, сайтда ҳам, қўлланмада ҳам кўрсатилган жиҳоз ва функцияларнинг маҳсулотда бўлмаслиги истеъмолчи ҳуқуқи бузилиши эмасми? «GM Uzbekistan» АЖнинг жавоб хатларидан бирида муаммога қуйидагича изоҳ берилган:

«Малибу» автомобилидан фойдаланиш қўлланмасининг «Қўлланмадан қандай фойдаланиш лозим» бўлимида автомобилнинг максимал даражадаги жиҳозланишига таъриф берилган. Автомобиль модификациялари ва ҳар хил минтақалар учун ишлаб чиқарилган турларининг фарқланиши туфайли, айрим элементлар ва меню функцияларининг таърифи автомобилингизга мос келмаслиги мумкин. Шу боис сизнинг автомобилингиз, мурожаатингизда кўрсатиб ўтилган опциялар билан жиҳозланиши «GM Uzbekistan» АЖ томонидан ушбу автомашиналарни ишлаб чиқариш назарда тутилмаган».

Демак, «GM Uzbekistan» АЖнинг жавобидан сайтдаги ва қўлланмадаги функцияларни «автомобилнинг максимал даражадаги жиҳозланишига таъриф берилган», деб тушунтирилмоқда. Унда, нега ана шу сўзлар сайтда ёзилмаган? Харидорлар гап максимал жиҳозланиш ҳақида кетаётганини қаердан билсин?! Сотиб олгандан кейинми?!

Тадбиркор эса «ҳар хил минтақалар учун ишлаб чиқарилган турларининг фарқланиши», деган изоҳга ҳам эътироз билдирмоқда. Унинг фикрича, ўзи харид қилган автомобиль дунёнинг бошқа минтақаларидан сотилаётган, жиҳозлари тўлиқ бўлган бу турдаги автомобиллардан ҳам қимматроқ.

Айтайлик, тадбиркор 34 минг долларига сотиб олган бу машина АҚШ ва Жанубий Кореядагидан 20 фоизга қимматроқ. Шундай бўлгани ҳолда, қирқдан зиёд функциялар йўқ. Агар у жиҳозларни алоҳида сотиб олсангиз яна 4–5 минг долларга тушасиз. Ҳолбуки, «GM Uzbekistan» АЖ акциз солиғи, қўшимча қиймат солиқлари бўйича имтиёзларга эга. Мана шу жойи тушунарсиз қолмоқда.

Хуллас, минг тортишгани билан харидор ҳақ бўлиб чиқмади. Хорижлик инвестор нима қилди, дейсизми? У шундоққина қўшни давлатга бориб 35 минг долларга «Тойота» автомобилини олиб келди.

«GM Uzbekistan» АЖ лоақал, ўзининг мажбуриятларидан бири бўлган сервис хизматини ҳам қойиллатганида эди, эҳтимол бундай бўлмасди. Аммо мижознинг қайси маҳсулотни танлаши ҳозирча «GM Uzbekistan» АЖни унчалик ҳам қизиқтирмайди, афтидан.

Дарвоқе, кўплаб функциялари ишламайдиган «Малибу»ни ўзимизнинг тадбиркор миниб юрибди. «Бизга бўлаверади», дейишдан ўзга чора йўқ. Чунки монополистнинг маҳсулоти доимо қиммат ва сифатсиз бўлиб келган. Бу — аксиома.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Фото: GM Uzbekistan
Kun.uz мухбири