Сирдарё вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда туғилган қозоғистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг халқаро фонди Сирдарёни ривожлантириш учун 40 миллиард сўм ажратди. Бу маблағнинг деярли 30 миллард сўми вилоятнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушди.
9 апрель куни Шодиев фонди вакиллари вилоятга келган ва вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашган.
Хабарда айтилишича, мазкур маблағ ҳисобидан «Обод қишлоқ» дастури доирасида чекка қишлоқларни ободонлаштириш, инфраструктурани ривожлантириш ва оқава сув тизимларини таъмирлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, маблағнинг бир қисми президент ташаббуси билан Ховос туманида барпо этилаётган «Xovos city» қурилишига сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Аввалроқ келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган бошқа миллиардерлар ҳам Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш истагини билдиргани хабар қилинган.
Президент Мирзиёев 1 март куни Алишер Усмонов Намангандаги "Обод қишлоқ" дастури учун 50 миллион доллар ажратганини айтган. Бундан ташқари Усмонов Ўзбекистонга 7 миллиард доллар сармоя киритмоқчи экани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлган эди.
2017 йилнинг апрелида эса Искандар Маҳмудов ўзининг Урал тоғ-металлургия холдингги орқали Ўзбекистонга 1,5 миллиард доллар сармоя ётқизишни режалаштираётгани хабар қилинган.