11 апрель куни Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокимияти биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида фуқаролар қабули ташкил этилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Учрашув чоғида Сергели туманида қурилган имтиёзли уйларнинг нархи ва сифати юзасидан фуқаролар мурожаатлари тингланди. Бош вазир томонидан тегишли мутасадди раҳбарларга нархларни максимал даражада камайтириш ҳамда хонадонлар сифати бўйича тўлиқ қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Бир ой муддатдан сўнг Республика комиссияси хулосаси асосида қайта кўриб чиқилган хонадон нархлари бўйича очиқ ва ошкора ҳисобот тайёрланиши маълум қилинди.
11 апрелдаги учрашувлар 10 апрель оқшомида Тошкент шаҳар Сергели туманидаги Қурилиш штаби олдида бўлиб ўтган норозилик акцияси ортидан ўтказилди.
Сергелида норозилик акциялари 9 апрель куни бошланди. Шу куни қарийб 60 киши Президент девонига уйлар қимматлаб кетганидан шикоят қилиб борди. Норозиларнинг иддаосича, расмийлар уларни алдаб, 3 та автобусга солиб, Президент девони олдидан олиб кетган.