Халқаро федерация яна бир чемпион ўзбекни спортдан вақтинча четлатди

13 апреля 2019 Халқаро федерация яна бир чемпион ўзбекни спортдан вақтинча четлатди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Жаҳон чемпиони совриндори Рустам Жангабоев антидопинг тартибини бузгани учун спортдан вақтинча четлатилди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси – IWF расмий сайтида 11 апрель куни эълон қилинган расмий хабарда ўзбек спортчининг допинг намунасидан бўйни ўстирувчи гормон топилгани маълум қилинган.

“Агар спортчи антидопинг талабини бузмагани аниқланса, бу ҳақда қўшимча хабар берилади. Бу иш юзасидан текширув якунлангунига қадар қўшимча маълумот берилмайди”, дейилади расмий билдирувда.

Бўйни ўстирувчи гормон 1989 йилда Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тақиқланган эди. Сабаби бу гормон мушак массасини ўстириш ва фаол машқ қилинган тақдирда ёғ қатламини озайтириши мумкин.

Рустам Жангабоев 2017 йилда Осиё чемпиони бўлган, 2018 йилда Ашхободда ўтказилган Жаҳон чемпионатида 109 кило вазн тоифасида бронза медални қўлга киритган.

Жангабоевдан олдин бир нечта ўзбек спортчилари спортдан четлатилган ва медаллардан маҳрум қилинган. Улар орасида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов, олимпия чемпиони Артур Таймазов, эркин курашчи Сослан Тигиевлардир.