Тошкентда фаррош бўлиб ишловчи 57 ёшли Бахтиёр Маматов милиция ходимлари уни дўппослагани ҳақида шикоят қилди. Маматов иддаосича, пост-патрул хизмати ходимлари уни 9 апрель куни оқшом Тошкентдаги Лисунова кинотеатри олдида ушлаган ва уйсиз-жойсиз одам, деб ўйлаб калтаклаган.
Тошкентнинг Яшнобод туманидаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси фарроши бўлиб ишлайдиган Бахтиёр Маматовнинг иддао қилишича, у 9 апрель куни ишдан уйига қайтаётганида милиция ходимлари тўхтатган.
- Сен БОМЖсан (русчадан: Без определенного места жительства - таҳр.) биз билан кетасан, деди. Мен БОМЖ эмасман, кўча тозалайман, усти-бошим шунақа, ишдан қайтаяпман, уйга боришим керак дедим. Улар бўлса, дубинкаси билан калтаклай кетишди. Ҳушимдан кетиб, ерга йиқилдим. Кечаси соат 10лар эди, Лисунова кинотеатрининг олдида бўлди бу, - деб даъво қилди Маматов.
Аммо, Маматов милиция ходимлари калтаклагани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилмаганини айтмоқда.
- Қандай шикоят қиламан, ким ҳам менинг арзимни тинглар эди?! Менинг ҳеч кимим йўқ. Ёлғиз яшайман. Милиция ходими устидан милицияга шикоят қилсам, менинг ёнимни олармиди? Кеча қўшнимиз қонга беланиб келганимни кўриб, сизларга шикоят қилишимни маслаҳат қилувди, шунинг учун сизларга айтаяпман бу ҳақда, - дейди Маматов.
Маматовга кўра, уни калтаклаган милиция ходимларига у шаҳсини тасдиқловчи ҳужжатни ҳам кўрсатган, лекин бу натижа бергаман.
Милиция ходимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида аввал ҳам хабар берилган.