ДХХнинг Андижон вилоят бошқармаси ходимлари Қирғизистонга ноқонуний равишда 2 миллион 100 минг доллардан кўпроқ пулнинг олиб ўтилишига тўсқинлик қилди.
ЎзАнинг хабар беришича, «Андижон-Қорасув» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия-3» автомобили Ҳўжаобод туманининг Мундуз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ДХХ ходимлари томонидан тўхтатилган.
Фуқаро Р.А., бошқариб келаётган мазкур автомашина текширилганида, юкхонага яшириб қўйилган 1 дона 30 литр ҳажмли елим идишда ва 2 дона целлофан пакетда жами 2 116 501 доллар борлиги аниқланди.
“Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридан бериб юборилган ушбу пулларни Қорасув шаҳрида яшовчи Р.А. Шаҳрихон туманида кутиб олган. Мазкур катта миқдордаги хорижий валюта божхона назоратини четлаб ўтиб, қўшни Қирғизистон Республикасига чиқарилиши керак бўлган”, дейилади хабарда.
Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.