Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган вилоятида икки ҳафтадан бери жанглар кетмоқда

12 апреля 2019 Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган вилоятида икки ҳафтадан бери жанглар кетмоқда

Афғонистон шимолий-ғарбидаги Бадгис вилоятнинг иккита туманида қақшатқич жанглар кетмоқда. Абикемри тумани “Толибон” ҳаракати жангарилари назоратига ўтди. Шунингдек Баламургап (Бала-Мургаб) туманида жангарилар полиция биносини эгаллаб олди.

Абикемри туманида толиблар ҳукумат биносига ўт қўйди. Баламургап туманида маҳаллий бозор жангарилар томонига ўтди.

Бадгис вилояти маҳаллий кенгаши раиси, депутат Абдул Эзиз Бегнинг хабар қилишича, Баламургап туманидаги полиция биноси йўқ қилинди:

– Жангларда полиция кучлари энг кўп талофат кўрди. Бизларга келган хабарларга қараганда, полиция бўлими ҳовлисида ўлдирилган аскарларнинг жасадлари ётибди. Ҳозирча қанча аскар ҳалок бўлганини аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Тирик қолган аскарлар ҳодиса яқинидаги ҳарбий база худудидга беркинишди.

Баламургап туманида икки ҳафтадан бери жанглар тўхтамаяпти. Баламургап тумани раҳбарининг маълум қилишича, жанглар натижасида ўтган ҳафтанинг ўзида 35 нафар аскар ҳалок бўлди.

Депутат Мухаммет Насир Назарининг хабар қилишича, сўнгги вақтларда мазкур тумандаги вазият кескин ёмонлашган. Депутатнинг хавотир олишича, агар ўз вақтида минтақага ёрдам етиб келмайдиган бўлса у ҳолда бу гуманитар фожиага сабаб бўлиши мумкин экан.

“Кескин қўллаб-қувватлаш” номи остидаги халқаро коалиция афғон кучларига кўмак берди. Коалициянинг ҳарбий самолётлари ҳаводан Абикемри ва Балмургап туманларидаги жангарилар мавқеларига зарба берди.

Афғонистон Мудофаа вазирлигининг расмий вакили берган хабарга қараганда, Абикемри ва Баламургап туманларида жангариларга қарши ҳарбий амалиёт бошланди. Ҳукумат кучларига Афғонистон мудофаа вазирининг ўринбосари Маҳаммет Ясин қўмондонлик қилмоқда.
Баламургап ва Абикемри туманлари бевосита Туркманистон билан чегара яқинига жойлашган. Баламургап стратегик муҳим пункт ҳисобланади, дея таъкидлайди “Озодлик” Радиоси.

Афғонистон чегара қўшинлари собиқ қўмондони Довлет Мавиннинг маълум қилишича, Абикемри туманида “Толибон” кучларига жиддий зарар берилган.