Президент Мирзиёев Халқаро бахшичилик санъати фестивали очилиш маросимида қатнашиш учун Сурхондарёга борди ва бир йўла Термиз халқаро аэропортининг янги терминалини кўздан кечирди.
Асосан, зиёрат туризмини ривожлантиришни кўзлаб қурилган янги бинода аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона очилган.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, терминал соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда божхона назорати, авиация хавфсизлиги ва багаж олиш жойларида тезкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, янги терминалда кутиш заллари, CIP зоналар, она ва бола хоналари, намозхона, тиббий пункт ва бошқа бўлимлар борлиги хабар қилинди.
Аммо, президент матбуот хизмати чоп этмаган намозхона сурати Xabar.uz нашрида чоп этилди.
Нашрнинг ёзишича, Термиз халқаро аэропортининг янги терминалида эркаклар ва аёллар учун алоҳида бўлган, барча қулайликларга эга намозхона фойдаланишга топширилган.