Ёқутистонда Ўзбекистондан ноқонуний миграция каналини йўлга қўйган шахсларга жазо ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Ёқутистондаги бошқармасида маълум қилинди.
Бошқармада таъкидланишича, ноқонуний муҳожирлар 2017 йил Маган посёлкасида аниқланган.
Суд жанубий осетиялик эркак маҳаллий фуқародан 8 гектар ер майдонини ижарага олгандан кейин у ерда ишчилар учун иншоотлар қурилишини йўлга қўйганини аниқлаган. Эркак ўзбекистонлик аёл билан ўзбекистонликларни ишга жалб қилиш бўйича тил бириктирган.
“Тергов маълумотларига кўра, Х. ва К. юқорида қайд қилинган хорижий фуқароларни кейинчалик ишчи кучи сифатида қўллаш учун Россия ҳудудида ноқонуний қолишини ташкиллаштиришга келишиб олган”, дейилган хабарда.
Суд ушбу кимсаларга 4 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган, ноқонуний муҳожирлар эса Ёқутистондан депортация қилинган.
Аввалроқ Ёқутистон раҳбари Айсен Николаев хорижликларни 2019 йилда иқтисодиётнинг 33 та соҳасидаги ишга жалб қилишни тақиқлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Николаев, шунингдек, Ёқутистон мутасадди идоралари ёқутистонлик қизнинг ўғирланиб, зўрланиши билан боғлиқ резонанс ишдан кейин ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтиришини айтган.
Аниқланишича, ушбу жиноятни Қирғизистоннинг 23 ёшли фуқароси содир этгани маълум бўлгач, 17 март куни Ёқутистонда норозилик митинги бўлиб ўтган. Айрим хабарларга кўра зўравонликда бир неча қирғизистонлик иштирок этган.