UzCard ёки Ягона умумреспублика процессинг маркази Ўзбекистонда оммалашган, деярли, барча пластик карталар эгаларига хизмат кўрсатади. Марказ раҳбари Маҳмудов Аҳрор Аброрович Kun.uzʼга берган интервьюсида ЯУПМ тарихи, фаолияти, келгуси режалари ва компания атрофидаги турли гапларга муносабат билдирди.
─ Кўпчилик учун қизиқ бўлса керак, UzCardʼнинг тарихи ҳақида гапириб берсангиз. Ҳаммаси қандай бошланган?
─ Ягона умумреспублика процессинг маркази ташкил этилганига 15 йилдан ошди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида ўз йўналишида дастлабки очилган марказлардан бири ҳисобланамиз. Процессинг маркази ҳар бир суверен республиканинг миллий бойлиги, деб ўйлайман. Чунки, агар сиздаги молиявий сиёсат маҳаллий даражада ҳеч кимга боғлиқ бўлмасагина, ҳақиқий молиявий суверенитетга эришиш мумкин. Яъни биз ташқи таъсирлардан ўз ички барқарорлигимизни доимо таъминлай оламиз. Ягона умумреспублика процессинг маркази очилганда ҳар бир банк бу тизимга аъзо бўлган. Дастлаб онлайн карталарга қадар офлайн карталар, яъни DUET карталар мавжуд бўлган. Ўша пайтда бундай карталар ҳақиқатан керак бўлган, кейинчалик унга бўлган талаб сусайди.
─ Марказ МЧЖ шаклида қўшма корхона бўлиб очилди. Уни ташкил этиш ғояси кимдан чиққан?
─ Республикадаги барча банклар, аниқроқ қилиб айтганда, 29та банк Ўзбекистон банклар ассоциациясига аъзо бўлиш қаторида UzCard тизимига ҳам қўшилган. Бу лойиҳа Ўзбекистон банклар ассоциациясининг ташаббуси асосида ташкил этилган.
─ Бу тизим билан бирга иккиламчи, учламчи тизимлар ҳам пайдо бўлган. Айтайлик, онлайн тўловларни ўтказиш қулай бўлди, пластик картадан фойдаланиш қулайлашди. Қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон мисолида кўриш мумкинки, баъзи банкларнинг ёпилиши натижасида одамларда пластик картага бўлган ишонч йўқолди. Ўзбекистонда аҳолида пластик карталарга бўлган муносабат, ишонч қандай шаклланди?
─ Бу жараён осон кечмаган. Дастлаб мавжуд бўлган DUET карталар ўтган йилнинг январь ойига келибгина муомаладан тўлиқ чиқарилди. Дунёда фақатгина иккита давлатда ─ Монголия ва Ўзбекистонда бу сақланиб қолган эди. Офлайн режимдаги карталардан буткул чиқиб, янги тизим асосида ишлашни ўзимизга мақсад қилиб қўйгандик. Ҳозирда дунёдаги 200та давлатнинг 45тасида процессинг маркази мавжуд.
Банклар ўз лицензиясини йўқотиб, уларнинг карталари ҳеч кимга керак бўлмайдиган ҳолатлар учрайди. Россияга санкциялар эълон қилингунга қадар бу давлатда процессинг маркази бўлмаган. Санкциялар эълон қилингандан кейин Россияда мавжуд 300 миллионга яқин виза карталар ишламай қолиши хавфи пайдо бўлди. Карталарнинг ишламай қолиши катта зарар келтириши мумкин. Шуни инобатга олиб, Россияда процессинг маркази яратилди. Бу марказнинг яратилиши учун давлат сиёсати керак эди. Ўшанда Марказий банк қошида очилган процессинг марказининг бошида турган Герман Греф ўнга яқин мутахассисни Ўзбекистонга юбориб, UzCardнинг ишлаш тизимини, биздаги тажрибани ўрганиб кетишганди.
─ Ўзбекистонда UzCard бренди остида ташкилот иши йўлга қўйилаётганда расмийлар хайрихоҳлик билдиришганми? Қўллаб-қувватлашганми?
─ Албатта, давлат кўмагисиз бу ишни амалга ошириш жуда қийин. Марказий Осиё мисолида кўрадиган бўлсак, Қозоғистонда 18 миллионга яқин виза карта бўлишига қарамасдан ўз процессинг марказига эга эмас. Ҳозирга келибгина уни яратиш бўйича ишлар олиб боряпти.
─ 2011 йилда электрон тўлов тизимидаги карталарга ўтиш бошланди. Шу ўринда кўплаб масалалар ўртага чиққанди. Кўп жойларда терминал ускуналарининг йўқлиги ёки сотувчиларнинг фириб қилишга уриниши кузатилди. Онлайн карталардан фойдаланиш ноқулайлик туғдирганди. Бугунги кунга келиб бундай муаммолар ҳалиям қолганми?
─ Баъзи жойларда бу ҳолатлар кузатилиши мумкин. Биз доимий мониторинг қилиб борамиз. Онлайн карталардан фойдаланиш муаммо бўлган. Бунда икки ҳолат кузатилган: Ўзсаноатқурилишбанк ўз процессинг марказида маҳаллий виза карталарни чиқариб жорий қилган. Натижада баъзи жойларда фақат виза карта қабул қиламиз дейишса, баъзи жойларда DUET картанигина олишларини айтишган. UzCardтўлов тизимига энг охирги бўлиб Ўзсаноатқурилишбанк аъзо бўлган. Одамлар бу банкнинг виза карталаридан ҳеч қаерда фойдалана олмаётганларини айтишганидан кейингина раҳбарият мижозларни йўқотмаслик учун тизимга қўшилган.
Ўтган йили терминаллар сони республика бўйича 240 мингта эди. Ҳозирда эса бу кўрсаткич 272 мингтани ташкил этади. Тадбиркорлар ҳам ўз фаолиятини йўлга қўйишда терминал тизимига эътибор қаратишяпти. Бу ўз фаолияти учун кераклигини тушуниб етяпти.
─ Марказ фаолиятининг ривожланиши, карталарнинг оммалашиши бевосита бозор қонуниятлари билан чамбарчас боғлиқ эди. Инкассациянинг ўз вақтида амалга оширилиши, конвертация имкониятига боғлиқ бўлган. Ҳозирга кунда ҳам бозорнинг картага боғлиқлиги сақланиб қолганми? Ёки карта тизими мустақил равишда бемалол ривожлана олади, деб айта оламизми?
─ Яқин икки йил ичида қандай қилиб терминал олсам бўлади, деган савол билан мурожаат қилувчилар кўпайди. "Нега энди терминал оладиган бўлиб қолдинг?",- деган саволга эса,- "мижозларимнинг 80 фоизи карта билан келяпти. Мижоз терминал бўлган жойга ўтиб кетяпти",- дейди. Карта ҳар томонлама қулайлигини намойиш қиляпти. Ҳамма нарса смартфонларимизга боғлиқ бўлгани ҳолда жойларда мобил тўлов тизими ҳам йўлга қўйиляпти. Нақд пулни яхши кўришимиз мумкин, лекин эҳтиёж, қулайлик устунлик қилади. Ҳаммаси давр ва вақтга боғлиқ.
Мазкур интервьюни видеолавҳада тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Видео: Mover (tas-ix)
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди